«Учма»даги сел оқибатлари бартараф этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Юртимизда ҳукм сурган аномал иссиқликдан сўнг Республика Гидрометеорология маркази тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел келиш хавфини эълон қилинди. Шундай бўлди ҳам.
Жорий йилнинг 30 июль куни соат 14:30 - 15:00 лар атрофида Жиззах вилояти Фориш тумани «Учма» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Юқори Учма қишлоғида қисқа муддатли кучли ёғингарчилик натижасида сел оқими юзага келди. Натижада қишлоқдаги 9 хонадоннинг ҳовлиси, бошқа хонадонларнинг томорқалари, маҳалланинг ички йўллари, 1 та сув ўтказиш иншооти қум-шағал ва тош чиқиндилари билан тўлди.

— Бир неча дақиқалик кучли ёмғир натижасида келган сел сойлик ёқасида жойлашган молхонамни оқизиб кетди, — дейди шу қишлоқда яшовчи Кенгаш Исмаилов. — Қўй-қўзиларимни соялатиш учун тушда молхонага киритиб қўяман, кечроқ тоққа олиб чиқиб боқардим. Ҳеч кутмагандим. Бирдан табиий офат юз берди. Майда туёқларимнинг барчаси нобуд бўлди. Сой ичига, сув йўли ёқасига молхона қурганимдан пушаймонман.
Туманда шу заҳоти «Учма» МФЙда юз берган сел оқибатларини бартараф этиш мақсадида тезкор штаб ташкил этилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят, туман бўлимлари, тумандаги соҳага масъул давлат ташкилотлари ходимлари тезкорлик билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига сафарбар қилинган ва инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатлар қайд қилинмаган.

Айни вақтда аҳоли хонадонлари, ҳовли ва томорқалар, маҳалланинг ички йўлларини қум, шағал, тошлардан тозалаш ҳамда текислаш ишлари олиб борилмоқда.
Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг