Учкўприкда лаванда сайли ўтказилади
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 2021 йили илк бор лаванда фестивали ўтказилиб, унда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, узоқ-яқин давлатлардан минглаб сайёҳлар иштирок этган эди.
Шу йилнинг июнь ойида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги фестиваль дастуридан лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, тиббиёт туризми ва мутахассислар кўриги, турли концерт ва шоу-томошалар ўрин олиши кўзда тутилмоқда.
Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизбек Эрматовнинг маълум қилишича, сайёҳлар лаванда боғларининг такрорланмас гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари, махсус рецепт асосида тайёрланган лавандали таомлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлардан баҳраманд бўлишлари учун барча шароит яратиляпти. Шунингдек, ташриф буюрувчиларга лавандазорда унутилмас фотосессиялар ташкил этиш имконияти ҳам тақдим этилади.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг