Учкўприк ишсизликдан холи туманга айланади — Эркинжон Нуралиев

12:10 26 Ноябрь 2023 Жамият
262 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ҳамда Учкўприк тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида туманни хотин–қизлар ўртасида ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш борасида эзгу ташаббус амалга оширилмоқда. Шу мақсадда тумандаги ишсиз хотин–қизлар, фаол тадбиркорлар ва иш берувчилар ўртасида доимий равишда юзма–юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Учкўприк тумани ҳудудида жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекциясида ўтказилган навбатдаги мулоқотда туман ҳокимлиги вакиллари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, иш излаётган оила бекалари туманнинг “Бобошбек” МФЙ ҳудудидаги “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо комплексида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишишди.

— Албатта, бу каби изчил саъй–ҳаракатлар ўз самарасини беради, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. — Бугунги тадбирлар мобайнида 53 нафар ишсиз хотин-қиз ўзларига муносиб иш ўринларини танлади. Уларнинг 10 нафарга яқини шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирилди.

Ўз навбатида 22 нафар тикувчилик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин–қизга тикув машиналари ҳамда 20 нафар ишсиз опа–сингилларимизга электр печлари субсидия асосида тарқатилди ҳамда бандлиги таъминланди.

Таъкидлаш жоиз, эзгу мақсад йўлида туманнинг ҳар бир маҳалласи кесимида ўрганиш ишлари олиб борилиб, аниқ чора–тадбирлар режаси асосида ҳаракат қилинмоқда.

                                                                                              Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер