Тюринг федерал ерлари ҳукумати делегацияси билан таълим, стартаплар ва илмий лойиҳаларни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Бугун Германиянинг Тюринг Федерал Ерлари ҳукумат делегацияси аъзолари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ташриф буюрдилар. Тюрингнинг иқтисодиёт, олий таълим ва рақамлаштириш бўйича Давлат котиби Карстен Филлер бошчилигидаги делегацияни вазир Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилди.
Томонлар Германия ҳукумати ва йирик компаниялари билан ҳамкорликда профессионал таълим тизимини янги даражага кўтариш, талабалар ва ёшлар учун сунъий интеллект бўйича ёзги мактабларни ташкил этиш, стартап экотизимини ривожлантириш, олимлар учун қўшма илмий лойиҳалар танловларини ўтказиш, ёш тадқиқотчиларни Германиянинг етакчи илмий марказлари ва университетларига стажировкаларни ташкил қилиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Вазир И. Абдураҳмонов Ўзбекистонда турли йўналишларда илмий мактаблар, университетлар, техникум ва коллежлар фаолият юритаётгани, уларнинг ривожланиши, таълим сифатининг ошишида халқаро ҳамкорлик, хусусан Германиянинг таълим соҳасидаги ютуқларини татбиқ этиш муҳим эканини қайд этиб, мазкур давлат билан ҳозирда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.
Томонлар икки мамлакатда ўтказилаётган йирик халқаро инновацион, илмий тадбирларда икки давлатлар олимлари, стартапчилар, инновацион корхоналар, ихтирочилар инноваторлар иштирокини таъминлаш зарурлигини қайд этдилар. Хусусан, германиялик меҳмонлар юртимиз вакилларини июнь ойида Тюрингда бўлиб ўтадиган Инноваторлар кунида иштирок этишга таклиф қилдилар. Шунингдек, Германия томони ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган InnoWeek.uz-2023 инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этишга таклиф этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг