“Тут сайли” – гастрономик туризм ривожига хизмат қилади

12:11 07 Май 2024 Жамият
443 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Кўҳна Бухоро кўчаларида 80-90 ёшли тутлар бор. Ҳозир айни тут пишиғи эмасми, айрим хорижий сайёҳлар унинг мевасидан татиб кўришаётганига кўзингиз тушади.

– Россиянинг Красноярск ўлкасидан келдик, – дейди ўзини Людмила Андреева дея таништирган сайёҳ. – Бухоро эртакнамо шаҳар экан. Уни томоша қилаётиб умримда илк марта мана бу оппоқ тусли мевадан еб кўрдим. Жуда мазали экан.

Меҳмоннинг айтганича бор.Оқ тут – сершира. Мазаси оғзингизда қолади. Муҳими, у саломатлик учун фойдали. Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси врачи Бахтигул Аҳмедованинг таъкидлашича, тут меваси иммунитетни мустаҳкамлайди. У айниқса, ақлий меҳнат билан шуғулланаётган кишилар учун кони фойда. Чунки таркибида фосфор моддаси кўп. Калий, кальций, рух каби саломатлик учун сув ва ҳаводек зарур моддаларга бой бўлгани боис биз уни ҳомиладор аёлларга ҳам тавсия этамиз. Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино тут воситасида қатор касалликларни даволаган.

Фото: "Халқ сўзи"

Сирасини айтганда, тут она – табиатнинг бизга инъом этган ноёб неъмати саналади. Барги ипак қурти учун асосий озуқа ҳисобланади. Пиллани қайта ишлаш эса биласиз, ноёб ипак матолар ишлаб чиқариш имконини беради. Ғиждувонлик усталар тут дарахтидан бешик тайёрлаш ҳадисини олишган. Негаки, унга қурт – қумурсқа яқинлаша олмайди. Ҳамюртимиз Даврон Тошев тут шохлари пўстлоғидан қадимий усулда қоғоз ишлаб чиқаряпти, уларга миниатюра асарларини туширмоқда. Бозорларда эса ҳозир марвариддай товланиб турган тут савдоси авжида эканини кўриш мумкин. Шундай экан, хорижий меҳмонлар учун тут сайли ташкил этилса айни муддао бўларди. Қолаверса, табиатнинг ўзи шундай имконият яратган: тут сайёҳлик мавсуми авж палласида – май ойи бошида пишади.

– Бу фикрга қўшиламан, – дейди Бухоро шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Баҳодир Тўраев. – Тут майизи, ундан тайёрланган ҳолва, шинни, қиёмни айтмайсизми? Афсуски, ҳозирги ёшларнинг аксарияти экологик тоза бу егуликлар ҳақида тушунчага эга эмас. Мабодо, тут сайллари ташкил этилса, ундан тайёрланадиган турли пишириқлар анъанаси қайта тикланар, бу неъмат яна ўз қадру қимматини топган бўлур эди. Болалигимизда бувиларимиз тутдан ҳолва тайёрлашгани, майизи эса қишда биз учун дармондори бўлганини яхши эслайман.

Дарҳақиқат, сайёҳлар учун тут сайли ташкил этиш фойдадан холи эмас. Шундай қилинса, у гастрономик туризмнинг бир йўналишига айланар, юртимиз сайёҳлик салоҳиятининг янада ошишига олиб келарди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер