Туркманистон бетарафлик сиёсатини давом эттиради — Сердар Бердимуҳамедов
Архив сурат
Туркманистоннинг янги президенти Сердар Бердимуҳамедов инаугурация маросимида мамлакат бетарафлик сиёсатини давом эттиришига ваъда берди. Бу ҳақда Туркманистон телевидениесига таяниб хабар бермоқда.
Унинг таъкидлашича, Туркманистоннинг бетарафлик сиёсати яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланади.
«Мамлакатимиз бетарафлигининг ҳуқуқий мақомининг асосий тамойиллари, яъни тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, эзгу ниятга асосланган дўстлик ва биродарлик муносабатларини кенгайтириш, дунёда барқарор ривожланишни таъминлаш Туркманистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари бўлади», деди Бердимуҳамедов.
Унинг инаугурация маросими 19 март куни Ашхободдаги Рухет саройида бўлиб ўтди. 12 март куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари ўтказилган президент сайловида собиқ давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов қарийб 73 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонганди. Дастлаб, овоз бериш 2024 йилда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ давлат раҳбари фармони билан у 2022 йил баҳорига кўчирилди.
Туркманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда овоз берувчиларнинг 97 фоизи иштирок этган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг