Туркияда прокурорлар Исроил расмийлари учун 4 596 йилгача қамоқ жазосини талаб қилди
Туркияда прокурорлар геноцид ва қатор бошқа жиноятларда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу учун умрбод қамоқ жазосини талаб қилди, деб хабар бермоқда Hürriyet.
Нетаньяҳу ва яна 34 нафар Исроил юқори лавозимли мулозимларини ҳибсга олиш учун ордер ўтган йилнинг ноябрь ойида берилган эди. Улар геноцид, Ғазо секторига берилган кучли зарбалар ва гуманитар ёрдам йўлини тўсишда айбланмоқда.
«Прокуратура Истанбулнинг оғир жиноятлар бўйича 10-судига айблов хулосасини юборди. Унда 35 нафар айбланувчи, жумладан Нетаньяҳу, Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац, унинг собиқ вазири Йоав Галант, мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияху, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, Исроил Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи Эяль Замир, Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Давид Саар Саламага нисбатан умрбод қамоқ ва 1 102 йилдан 4 596 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси талаб қилинган», — дейилади хабарда.
Мулозимлар инсониятга қарши жиноятлар, геноцид, озодликдан маҳрум қилиш, шафқатсиз муомала, зарар етказиш, талончилик ва транспорт воситаларини мусодара қилишда айбланмоқда.
Қайд этиш жоизки, тергов ҳаракатлари 2025 йил октябрь ойида Исроил расмийлари Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказишга уринган «Глобал барқарорлик флотилияси» фаолларини ҳибсга олганидан кейин бошланган эди.
Шифокорлар Исроил томонидан ушланиб, кейинчалик Туркияга депортация қилинган флотилия иштирокчиларини тиббий кўрикдан ўтказган. Тергов доирасида инсониятга қарши жиноятлар содир этилганига оид далиллар тўпланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг