Туркий дунёда — янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси

10:02 15 Ноябрь 2021 Жамият
1571 0

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичида дадил ва аниқ мақсадлар билан илдамлаб бормоқда. Дунё тарихида «Янги Ўзбекистон» деб аталмиш шарафли ном билан шуҳрат қозонаётган Ватанимиз тубдан янгиланиш, ўсиш ҳамда юксалиш жараёнида шиддат билан юқорилаяпти.

Халқимиз ҳаётида янги давр бошлангани барча соҳада тезлик билан бўй кўрсатаётир. Айниқса, Янги Ўзбекистон миллий стратегиясининг халқаро миқёсда тан олиниши ва эътироф этилиши бу борада биз эришган чинакам олий ютуқ, десак, муболаға эмас. Зеро, жаҳон минбарларидан туриб, миллий қараш ҳамда мақсадларимизни тўла ифода этаётганимизнинг ўзи ҳам бир ғалаба, аслида.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-саммитида ўзбек тилида нутқ сўзлагани ва дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган ўнлаб масалаларда аниқ таклифларни илгари сургани тарихий воқелик сифатида қайд этилган эди.

Президентимизнинг жорий йилнинг 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саккизинчи саммитида иштирок этгани ва нутқ сўзлагани эса мамлакатимизнинг умумий тил ҳамда муштарак қадриятларга эга давлатлар ўртасида муносиб ўрин ва нуфузга эгалигини яна бир исботлади.

Турк дунёси ва йирик халқаро доиралар нигоҳида бўлган мазкур саммитда мамлакатимиз раҳбари ўз нутқи, таклифлари, истиқболли лойиҳа ҳамда ташаббуслари билан чиқиш қилди. Бу мамлакат раҳбари тимсолида янги Ренессанс сари дадил қадам ташлаган янги Ўзбекистоннинг қудрати, кучли пойдеворга эга ташқи сиёсати, фаровон келажаги ҳамда бугуни қиёфасини яққол намоён этди.

Ушбу халқаро аҳамиятга молик бўлган йирик воқелик тўғрисида муносабат билдириш жараёнида Туркий Кенгаш тўғрисида батафсил маълумотлар келтирмоқ жоиз. Бундан 12 йил аввал Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига асос солинган. Ҳозирда тузилма таркибида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон каби мамлакатлар бор. Венгрия Кенгашнинг кузатувчиси бўлса, Туркманистон бетараф давлат сифатида унинг доимий меҳмонидир.

Туркий Кенгашнинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш борасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда доимий равишда мустаҳкамлаб боришдир. Давлат раҳбарлари даражасидаги мазкур саммитлар Ташкилотнинг олий тузилмаси бўлиб, 2011 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон тузилма доирасида кенг қамровли алоқаларни тобора фаоллаштириб, долзарб ташаббусларни доимий равишда илгари суриб бораётгани ҳали ишга солинмаган жуда катта имконият ва салоҳиятдан тўлиқ ҳамда унумли фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Саммитда ўртага ташланган савдо, инвестиция, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, шунингдек, унинг натижалари бўйича имзоланган ўндан ортиқ ҳужжатларда юртимизнинг бугунги ҳамда яқин истиқболдаги тараққиёт йўлига ҳамоҳанг мақсадлар ифода этилгани, шунингдек, барча туркий тилли халқлар учун бирдай манфаатли эканлиги ғоятда муҳимдир.

Президентимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитидаги нутқи, шубҳасиз, мазкур Кенгашга аъзо давлатларнинг умумий манфаатлари ва ривожланиш тамойилларини инобатга олган, энг муҳими, ўзида туркий тилли халқларнинг ўзаро бирдамлигини ифода этувчи, бугунги давр ҳамда глобаллашув оқимида ғоят долзарб масалаларга ўзига хос ечимни кўрсатиб ўтган мукаммал нутқ сифатида жаранглади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида «Туркий дунё нигоҳи — 2040» истиқболли дастурий ҳужжати туркий халқлар ҳаётидаги эзгу мақсадларга хизмат қилишига алоҳида уруғ берар экан, қардош мамлакатларнинг яқин ва ўрта истиқболдаги ҳамкорлиги самарадорлигини оширувчи муҳим таклифларни ўртага ташлади.

Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун транспорт ва транзит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, саноат кооперациясини кучайтириш, ташкилот негизида «Инжиниринг ва технологиялар марказлари»ни ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистонда «Туркий давлатлар саноат ҳафталиги»ни ўтказиш, БМТ билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш сингари таклифлари тўлақонли қўллаб-қувватланди.

Президентимиз минтақа ҳаёти ҳамда келажаги ҳақида сўзлар экан, Афғонистондаги ҳозирги мураккаб вазиятга ҳам эътибор қаратиш, ушбу мамлакатни гуманитар инқироз ва халқаро майдонда яккаланиб қолиши ҳамда унинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу даъват саммит иштирокчиларининг эътиборини тортди, мазкур масалада юртимиз гуманистик стратегиясини ҳам ифода этди.

Президентимиз мазкур саммитда туркий халқларнинг муштарак сиймоси, туркий дунё бирлигига салмоқли ҳисса қўшган улуғ мутафаккир ҳамда давлат арбоби Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ҳақидаги қарор қабул қилинганини олқишлади. Туркий дунёнинг буюк вакиллари умумбашарий маданият ҳамда цивилизация тараққиётига улкан ҳисса қўшганига урғу берди. «Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази»ни ташкил этиш борасида таклиф эса бу борадаги барча улуғвор мақсадларнинг асосини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг тарихий нутқини тинглар эканмиз, ёш авлоднинг ҳар бир мамлакат ҳаёти ва тақдиридаги ўрнига алоҳида эътибор қаратганлари ҳамда юксак минбардан туриб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш асосий вазифа эканлигини таъкидлаб ўтганларини барчамизни бениҳоя тўлқинлантирди.

Айни шу масалада қардош давлатларни янада бирлаштириш мақсадида 2022 йилни Туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилиш таклифини берганлари катта олқишлар билан кутиб олинди. Бу эса, ўз навбатида, янги Ўзбекистондаги ёшлар сиёсатининг муносиб эътирофи ҳамда минтақада ёшлар ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббусларнинг янада кенг ёйилишига муносиб туртки бўлиб хизмат қилди.

Саммитда Президентимиз илгари сурган ташаббуслар мазкур ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилгани, қолаверса, умумтуркий мақсадлар рўёбига қаратилгани билан диққатга моликдир.

Айтиш керакки, жаҳонга янги Ўзбекистон қиёфаси билан юзланаётган, ўз истиқболи ва тараққиётини миллий стратегия асосида белгилаб олган, энг асосийси, ёшларни ўзининг фаол, шижоатли, илму заковатли, кенг дунёқараш ҳамда соғлом тафаккурли таянчи, деб билган мамлакатимиз — янгидан ном олган Туркий давлатлар ташкилотида муносиб ўрни ва ролини кўрсата олди.

Келгуси йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган саммит бугунги кунда жамиятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси ва муваффақиятини кўрсатувчи, асосийси, умумий тил ҳамда уйғун қадриятлар соҳиби бўлган халқларнинг тарихий учрашувига айланади, албатта.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер