“Туркий адабиёт дурдоналари” асарлари мажмуасининг тақдимоти ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Самарқанд шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилддан иборат асарлар мажмуасининг тақдимоти ва мазкур асарларнинг муаллиф ва ижодкорлари билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрловчи ишчи гуруҳ аъзолари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари бўлган ёзувчи, шоир ва таржимонлар, шарқшунос олимлар, журналистлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, “Туркий адабиёт дурдоналари” номли мазкур 100 жилдлик китоблар туркуми Президентимизнинг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2019 йил 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтган 17-саммитидаги ташаббусига мувофиқ нашр этилган.

Ушбу жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар — Туркманистон ва Венгрия давлатларининг XI-XXI асрларга мансуб 629 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.
— Мазкур мажмуани тайёрлаш учун 200 дан зиёд таржимонлар, 100 дан зиёд адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар жалб этилди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бош мутахассиси, 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрловчи ишчи гуруҳнинг мувофиқлаштирувчи координатори Рисолат Ҳайдарова. — Мазкур 100 жилдлик мажмуанинг 5 жилди умумий адабиётлар, 28 жилди ўзбек, 5 жилди қорақалпоқ, 17 жилди турк, 16 жилди озарбайжон, 10 жилди қозоқ, 9 жилди қирғиз, 9 жилди туркман ва 1 жилди венгер адабиётини ўз ичига олади.

Асарлар мажмуасининг дастлабки нашри 200 минг нусхада чоп этди.
Тақдимот маросими ва ижодий мулоқот қизиқарли ҳамда унутилмас лаҳзаларга бой тарзда ўтди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг