Туризмни ривожлантириш бўйича вилоятлар ўртасида 13 та меморандум имзоланди
Президентнинг туризм соҳасини ривожлантириш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги топшириқ ижросини таъминлаш ҳамда пандемия шароитида ички туризм имкониятларидан фойдаланиш мақсадида Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўртасида жами 13 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик меморандумини имзолаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида бўлган Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Навоий вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси масъуллари ички туризмни ривожлантириш билан хорижлик сайёҳлар оқимини ошириш борасида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари, тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйишда ишга солинмаган имкониятлар хусусида фикр алмашдилар.
Имзоланган меморандумларга асосан вилоятлар ўртасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида ўзаро саёҳатлар ташкил қилиш шунингдек, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар ва бошқа ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш белгилаб олинди.
Мазкур келишувларга кўра келгуси йилда Навоий вилояти 220 минг нафардан ортиқ сайёҳ юртдошларимизни қабул қилиш ва бошқа вилоятларга жўнатишни ўз зиммасига олган.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг