Туризм — иқтисодиётнинг муҳим таянчи

18:40 18 Июль 2023 Жамият
852 0

Фото: Халқ сўзи

Шундай мамлакатлар борки, фақат туризмдан тушаётган даромад ҳисобига кун кўради. Ишлаб чиқариш имкониятлари чекланган бундай мамлакатларда сайёҳларга хизмат кўрсатиш тизими ривожланганлиги сабабли аҳолини иш билан таъминлаш муаммоси ҳам деярли кўзга ташланмайди.

Кейинги йилларда салоҳиятли ва бой сайёҳлик имкониятига эга бўлган мамлакатимизда ҳам бу соҳа тараққиётига жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ 2019-2025-йилларда мамлакатимизда бу соҳани янада ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Дастурга мувофиқ хориждан юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун виза режими соддалаштирилди. Юртимизда уларнинг бўлиши учун энг қулай қоидалар ишлаб чиқилди. Бу борада маҳаллий тадбиркорлик фаолияти ҳам кенг йўлга қўйиляпти. Энг муҳими, туризм соҳаси инфратузилмаси тобора замон талабларига мос равишда қайта ташкил этилмоқда.

Маълумки, туристлар оқимини ошириш учун замонавий қулайликлар яратиш талаб қилинади. Айни пайтда туристларни кутиб олиш, жойлаштириш, уларга ўзлари танлаган туризм соҳалари бўйича шароит яратиш зарур. Бу талаблар юртимизда кейинги йилларда замон талаблари асосида бажарилмоқда.

Глобаллашув жараёни, халқаро ахборотлар, алоқа ва транспорт тизимининг ривожланиши билан соҳада янги имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, илгари хориждан ташриф буюраётган сайёҳларга юртимиздаги қадимий ёдгорликларни томоша қилиш, танишиш таклифи ўртага ташланган бўлса, айни пайтда зиёрат, миллий либослар, миллий урф-одат ва анъаналар, тиббиёт, экология сингари янги йўналишлар кенг йўлга қўйилди. Бу қулайликлар туристлар оқимининг кучайишига ижобий таъсир этмоқда.

Бетакрор табиатимиз, мусаффо ҳаво, тотли ва шифобахш меваларимиз ҳам хорижий туристларнинг эътиборига тушмоқда. Мамлакатимизда ички туризм ҳам жадал ривожланаётганлигини таъкидлаш жоиз. Охирги 5-6 йил мобайнида бу борадаги кўрсаткичлар 4-5 баробар ортди.

Самарқанд нафақат хорижий туризм. Балки, ички туризмнинг ҳам йирик марказига айланди. Шунга қарамасдан ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам йўқ эмас. Маҳаллий туристларга хизмат кўрсатишда замонавий сервис талаблари яратилмаган. Ҳатто, айрим зиёратгоҳлар ёнидаги автомобиль сақлаш жойлари торлик қилмоқда, сайёҳларга шароит яратишда кўплаб камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётганлиги ҳам соҳа тараққиётига тўсиқ бўлиши мумкин. Масалан, уларни жойлаштириш, овқатлантириш тизимини қайта қуриш вақти етиб келди.

Таъкидлаш жоизки, туризм соҳасини жадал ривожлантириш иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан камхарждир. Агар, кам сарф-харажатлар эвазига кўпроқ иш ўринлари яратилиши, валюта тушуми ортишини кўз олдимизга келтирсак соҳани янада ривожлантиришга жиддий ёндашув талаб қилинади.

Аслиддин Сафаров,

Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер