Тупроқ ўзанли сув йўллари бетонлаштирилмоқда

18:59 09 Январь 2024 Жамият
597 0

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тупроқ ўзанли сув тармоқларида йил давомида обиҳаётнинг 30 фоизи ерга сингиб, унинг иқтисодий жиҳатдан самарасиз ишлатилишига олиб келади. Биргина Бухоро вилояти Олот тумани мисолида олиб қаралса, бу каби сув исрофгарчилиги йилига 90 миллион куб метрни ташкил этади.

Шундай экан, ариқ ва каналларни бетонлаштириш орқали муаммога ечим топиш мумкин. Тумандаги ўнлаб фермер хўжалиги ва 1 минг 700 дан зиёд хонадон томорқасини суғоришда асқатаётган “Оқ пўлат” каналини реконструкция қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу: сув исроф бўлмасин. Унинг ҳар қатраси самара берсин. Шу мақсадда мазкур сув тармоғининг уч километр узунликдаги қисми таъмирланиб, бетонлаштирилмоқда. Бу юмушлар учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бугина эмас, тумандаги “Чандир”, “Сарибозор”, “Янги Сойинканал” сув тармоқларида ҳам тозалаш, реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

“Аму Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси масъулларининг таъкидлашларича, вилоятда йирик каналлар ва ички сув тармоқларини бетон қопламага ўтказиш юзасидан манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, 8 та йирик ирригация тармоғини бетонлаштириш юмушларига киришилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер