Туғилмаган фарзандини савдога қўйган онага суд ҳукми ўқилди
Фото: Иллюстратив cурат
2021 йилда турмуш ўртоғи билан ажрашган учқўрғонлик Шаҳло Темированинг (исм-шарифи ўзгартирилган) уч нафар фарзанди бўлиб, тўртинчисига ҳомиладор эди. Гўёки қорнидаги гўдак туғилса, боқа олмаслигини рўкач қилиб, дугонаси Зилолага бола асраб олмоқчи бўлган оилаларни топишни айтади. Ҳожатбарор дугона орадан кўп ўтмай, Шаҳлога Нигора исмли аёлни рўпара қилади. Улар Ш. Темированинг онаси Соҳиба Аҳмедованинг уйида кўришиб, ҳали дунёга келмаган чақалоқ нархини келишиб олмоқчи бўладилар. Ҳаётда анчагина тажрибаси бўлган 72 ёшли С. Аҳмедова норасида эвазига бир хонадонли уй олиб беришни сўрайди. Харидор бунга имкони йўқлигини билдирганидан кейин гўдакнинг нархи туширилади. Бу сафар бола эвазига банкдан олган кредит қарзларини узиш ва минг АҚШ доллари миқдорида пул бериш таклиф этилади. Иккинчи томон шартга кўниб, бир ҳафтадан сўнг келишилган пулнинг ярмини беришини, қолганини эса болани қўлига олганидан кейин тўлашини таъкидлайди. Шу тариқа ҳали дунёга келмасданоқ ўз онаси ва бувиси томонидан кераксиз бир буюм каби сотиб юборилаётган норасида устидан битим тузилади.
Айтилган кун етиб келиб, Шаҳло Нигора билан учрашади. Ҳомиланинг соғломлиги, ривожланиши яхши экани ойдинлашгач, Нигора 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни болафуруш онага тутқазади. Бироқ туғилмаган жоннинг устидан қилинган савдо охирига етмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари Шаҳло Темировани ашёвий далиллар билан қўлга оладилар.
— Мазкур ишни кўриб чиқишда масаланинг барча жиҳатларига чуқур эътибор қаратилди, — дейди жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди раиси Сардорбек Абдусатторов. — Ҳали туғилмаган жигаргўшасини пулламоқчи бўлган бемеҳр онага бошланғич ҳисоблаш меъёрининг 20 баравари - 5 миллион 400 минг сўм миқдорида жарима ва 2 йилу уч ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Қизининг қинғир ишига шерик бўлган С. Аҳмедова ҳам 4 миллион 50 минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.
Фарзанд инсонга инъом этилган азиз неъмат, мўъжиза. Унинг қадрига етмаган киши кирадиган кўчанинг боши ҳамиша берк бўлади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг