Туғилганлик гувоҳномаси хонадонга етказиб берилди
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўғил-қизларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва совғалар улашилди.
Инсон туғилган кундан бошлаб ижтимоий ҳаётга қадам қўяди. Улғайган сари эса унинг эҳтиёжлари кўпайиб боради. Ҳозирги кунда туғилганлик гувоҳномаларини қайд этишдан тортиб, умрининг охиригача бўлган даврдаги ҳужжатлар ҳаракатланиши Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилмоқда. Эътиборли жиҳати, бунда хизматлар кўп ҳолларда аҳолининг узоғини яқин қилиш ҳамда ногиронлиги бор ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида жойларда сайёр кўринишда тақдим этилмоқда. Уйчилик Мирзоҳид Ҳусанов фарзанди дунёга келгандан кейин унга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш учун яқинда туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган эди. Чақалоқнинг ҳужжати унинг ота-онасига сайёр тарзда ўзининг яшаш хонадонида эсдалик совғаси билан бирга тантанали равишда топширилди.
Туманнинг Янгичек маҳалласида яшовчи 2011 йил туғилган Беҳрузбек Бадаловни туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси эҳтиётсизлик оқибатида йўқолган эди. Турли юмушлар билан андармон бўлган оила соҳиблари уни тиклашни ёддан чиқаришган. ФҲДЁ бўлими бу хонадонга ҳам ёрдамга келди.Болаларни ҳимоя қилиш куни олдидан ўтказилган сайёр хизмат чоғида Беҳрузбек янги метрка олди. Шу куни 5 нафар туғилган чақалоққа янги ва 2 нафар гувоҳномаси юқолган болаларга такрорий туғилиш гувоҳномаси «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг байрам туҳфалари билан бирга ФҲДЁ бўлими томонидан уларнинг тураржойларига етказилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг