Транспорт тизимини рақамлаштиришда қандай муаммолар бор?

19:28 10 Ноябрь 2023 Жамият
410 0

Исталган масофадан туриб, махсус мобиль илова ёрдамида темир йўл чипталари ёки авиачиптани сотиб олиш имконияти яратилганлиги аксарият йўловчилар учун янгилик эмас.

Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида контактсиз банк карталари ёки мобиль иловалардан фойдаланган ҳолда йўл ҳақини йиғишнинг автоматлаштирилган тизими (ATTO) жорий этилганига ҳам қарийб уч йил бўлди. Айни пайтда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланган транспорт тизимини рақамлаштириш, соҳада янгидан-янги дастурий маҳсулотларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳали ишга солинмаган имкониятлар етарли ва бу масала депутатларнинг доимий диққат марказида.

Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган транспорт тизимини рақамлаштириш ва соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича янги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ишлари якунларига бағишланган йиғилишда қайд этилди.

Тадбирда қуйи палата депутатлари, Рақамли технологиялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда республикамизда транспорт соҳасининг бошқарув тизимини такомиллаштириш, транспорт тизимини рақамлаштириш, соҳага илғор ахборот технологияларини жорий этиш ҳисобига транспортнинг барча турини интеграция қилиш ҳамда фойдаланувчилар учун интерактив хизматлар кўламини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда масъул қўмита депутатлари томонидан транспорт тизими корхоналарида ахборот технологиялари кенг жорий этилишини тартибга солишга қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси назорат-таҳлил фаолияти доирасида ўрганилгани қайд этилди.

— Президентимизнинг тегишли Фармон ва қарорларида белгилаб берилган миллий транспорт тизимига жорий этилаётган рақамлаштириш ишларининг хизматлар самарадорлигига ижобий таъсири депутатлар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилди ва баҳоланди, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Умид Жабборов. — Транспорт вазирлиги ҳузурида ташкил этилган “Рақамли транспорт” маркази ҳамда пойтахтнинг бутун ҳудуди бўйича ҳаракатланаётган транспорт турлари ва автомобиль йўлларини онлайн кузатиш имкониятини берувчи Ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишдик. Мазкур марказларда яратилган шароитлар, улардаги диспетчерлик марказларининг замонавий компьютерлар, алоқа ва ахборот технологиялари билан таъминланиш даражаси, ишга туширилган ахборот-маълумот дастурларининг самарадорлигини ўргандик. Ўрганишларимиз давомида соҳани рақамлаштиришда кўплаб ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда, ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, “Boeing” компанияси ҳаво кемаларига IT-йўналишида замонавий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш бўйича Ўзбекистонда жорий этилган “e-Enabling” тизими самарадорлиги, шунингдек, темир йўллар тизимида жорий этилган сунъий интеллектдан (AI) фойдаланган ҳолда меъёрдан ортиқ юк ортилган вагонларни аниқловчи янги ахборот тизимининг имкониятлари юқори баҳоланди. Айни пайтда жамоат транспортининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси кечикиб бажарилаётганлиги танқид қилинди. Бундан ташқари, депутатлар томонидан диспетчерлик марказларининг замонавий компьютерлар ҳамда интернет алоқаси ва қўшимча ахборот воситалари билан таъминланиш даражаси қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда жамоат транспорти устуворлиги таъминланган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш ва аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини оширишга хизмат қиладиган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклиф-тавсиялар билдирилди.

Қизғин муҳокамалар якунида ушбу йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер