Трамп нимани ғалаба деб ҳисоблайди? Эрон билан урушнинг учинчи ҳафтасида мавҳумлик сақланиб қолмоқда
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши учинчи ҳафтадирким давом этмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп қўйилган мақсадларга қай даражада яқинлашилганини баҳолаш учун аниқ мезонларни ҳали шакллантиргани йўқ (ҳар ҳолда оммавий равишда). Аслида, у нимани мақсад қилганини ҳам аниқ айтмади: режимни алмаштиришми, Эронни ядровий ва ракета дастурлари бўйича келишувга мажбур қилишми ёки шунчаки унинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишми?
Эронга иқтисодий, сиёсий ва мудофаа қобилияти нуқтаи назаридан жуда катта зарар етказилди. Бироқ у Ҳурмуз бўғозида кемалар қатновини амалда тўсиб қўйишга муваффақ бўлди ва шу орқали дунё нефть трафигининг қарийб бешдан бир қисмини фалаж қилди — бу эса нефть нархининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди. Ислом Республикаси АҚШ ва Исроил билан тўғридан-тўғри тўқнашувда ғалаба қозониш имконига эга бўлмагач, улар учун уруш нархини ошира бошлади. Хусусан, низо кўламини кенгайтириб, кўплаб қўшниларига ҳужум қилди ва шу йўл билан бутун Яқин Шарқда ва жаҳон бозорларида беқарорликни юзага келтирди.
Энди америкаликлар нима қилади?
The New York Times ёзишича, Трампда воқеалар ривожи учун иккита асосий вариант бор: ёки янада улкан мақсадларга эришиш (масалан, Эронда дўстона ёки ҳеч бўлмаганда гапга кирадиган режим ўрнатиш) учун жанговар ҳаракатларни давом эттириш, ёки можародан чиқиш.
Агар Трамп урушни давом эттиришга қарор қилса, у заифлашган, аммо ҳамон хавфли бўлган душман билан жанг қилишига тўғри келади. Трамп маъмурияти Эронга ҳужум қилишнинг кўплаб оқибатларини олдиндан кўра олмади, оятуллоҳлар режимининг ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимояланишга тайёрлигини ва жаҳон иқтисодиётига зарар етказиш қобилиятини паст баҳолади. Можаронинг давом этиши кутилмаган оқибатлар янада кўпайиши хавфини туғдиради ва охир-оқибат вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин.
Ҳатто АҚШ ичида Трампнинг тарафдорлари орасида ҳам хавотир кучаймоқда: кўпчилик унга айнан мамлакатни урушга тортмасликка ваъда бергани учун овоз берган эди.
Бироқ Трамп катта йўқотишларсиз (камида сиёсий) можародан шунчаки чиқиб кета олмайди. У уруш бошида айтган мақсадларининг бирортасига эришгани йўқ. Эрон ядровий қурол ярата олмайди, деган кафолатлар ҳамон йўқ. Кўплаб ядровий объектлар бомбаланган, мутахассислар ўлдирилган, аммо инфратузилмани ҳали ҳам тиклаш мумкин. Бундан ташқари, Эронда тахминан ўнта ядровий каллак учун етарли бўлган юқори даражада бойитилган уран захиралари қолмоқда.
Ислом Республикасининг ракета арсенали сезиларли даражада камайган, уни тўлдириш имкониятлари чекланган, ҳарбий-денгиз кучлари деярли бутунлай йўқ қилинган — лекин Эрон ҳамон бошқа давлатларга хавф туғдиришга қодир. Оятуллоҳлар режими ўз раҳнамоси Али Хоманаийдан айрилган бўлса-да, қулаб тушмади. Унинг асосий таянчи — Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси мамлакат ичидаги устувор қуролли куч бўлиб қолмоқда.
Иккита эҳтимолий сценарий
Биринчиси — тинкани қуритувчи урушнинг давом этиши. Можаронинг тугаш муддати асосан ўқ-дорилар захирасига боғлиқ: Эронда — ракета ва дронлар, АҚШ ва унинг иттифоқчиларида — Ҳаво мудофааси воситалари.
Бу сценарийда АҚШ Ҳурмуз бўғозида кемалар қатновини ҳимоя қилишни ташкил этиши керак бўлади. Трамп аллақачон иттифоқчиларини бу миссия учун кемалар юборишга чақирди, аммо Буюк Британия, Франция, Германия ва Жанубий Корея унга рад жавобини берди.
Иккинчи сценарий — Дональд Трампнинг уруш характерини ўзгартирувчи кескин қарори. Масалан, Форс кўрфазидаги Харг оролини қуруқликдаги қўшинлар билан эгаллаб олиш (Эрон нефть экспортининг деярли ҳаммаси шу орол орқали ўтади). Шунингдек, Эрондан бойитилган уран захираларини олиб чиқиб кетиш учун махсус кучлар рейдини ўтказиш ғояси ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу вариантларнинг иккаласи ҳам америкалик ҳарбийлар учун катта хавф туғдиради ва Эроннинг таслим бўлишини кафолатламайди.
Икки мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди
Пентагон операцияни муваффақиятли деб ҳисобламоқда. АҚШ ва иттифоқчилар ҳавода тўлиқ устунликка эришдилар, Эрон ракеталари ва учириш қурилмаларининг катта қисмини, шунингдек, флотнинг салмоқли қисмини йўқ қилдилар. Эрон амалда авиация ва ҳаво мудофааси тизимларидан маҳрум бўлди.
АҚШ Яқин Шарқда ҳарбий иштирокини оширишда давом этмоқда. Минтақага яна 2500 нафар денгиз пиёдаси ва навбатдаги авиаташувчи зарбадор гуруҳ йўналтирилмоқда. Уруш давомида 2100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг аксарияти эронликлардир. Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, уларнинг 1300 дан ортиғи тинч аҳоли вакилларидир. Америка армиясининг йўқотишлари — 13 киши.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг