Трамп НАТО бош котибини ҳақорат қилди — ОАВ
АҚШ президенти Дональд Трампнинг НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашуви кескин руҳда ўтгани маълум қилинди. Politico нашри манбаларига таяниб ёзишича, мулоқот давомида альянс раҳбарига нисбатан бир қатор кескин ва ҳақоратомуз баёнотлар янграган.
Европалик мансабдорлардан бирига кўра, учрашув «режадан чиқиб кетган» ва Трамп деярли ҳар қандай чора кўриши мумкинлиги ҳақида ишоралар қилган. Шунингдек, у Европанинг Эрон билан боғлиқ эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортганидан норозилигини билдирган.
Маълум қилинишича, музокаралар 8 апрель куни кечқурун бўлиб ўтган. Учрашувдан сўнг Дональд Трамп НАТО ўзидан сўралган ёрдамни тақдим этмагани ва келгусида ҳам бундай ёрдам кўрсатмаслигини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Марк Рютте АҚШ раҳбари иттифоқдошлардан очиқча норози эканини тан олган. Бу эса альянс ичидаги муносабатлар кескинлашганини кўрсатади.
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, АҚШ альянс аъзоларининг Эрон бўйича позициясига жавобан уларни «жазолаш» режаларини кўриб чиқмоқда. Бу чоралар орасида айрим мамлакатлардан америкалик ҳарбийларни олиб чиқиш эҳтимоли ҳам бор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг