Тоза ичимлик суви муаммоси чекинади
Фото: Халқ сўзи
Навоийлик олимлар глобал муаммога самарали ечим таклиф этмоқда
Дунёда чучук сув захиралари йил сайин чекланиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, бугун сайёрамизнинг 2,2 млрд. аҳолиси ичимлик суви таъминотининг танқислиги шароитда яшамоқда. 2025 йилга бориб эса Ер шарининг ярмида одамлар ичимлик суви билан боғлиқ кескин муаммоларга дуч келиши эҳтимоли мавжуд. БМТ экспертларининг «Жаҳон сув тараққиёти-2022» ҳисоботида қайд этилишича, айни вақтда дунёдаги мавжуд чучук сувнинг 99 фоизи ер ости сувлари ҳисобланиб, дунё аҳолиси истеъмол қилаётган тоза ичимлик сувининг ярми, суғориш учун ишлатилаётганидан эса 25 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.
Сув танқислиги муаммоси Марказий Осиё минтақасига ҳам дахлдор. Чунончи, мамлакатимизда ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда.
Биргина Навоий вилоятини оладиган бўлсак, ҳудуд аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоизни ташкил этади. Вилоятдаги 303 та маҳалланинг 61 таси, яъни 18 фоизи ичимлик суви таъминоти оғир бўлган ҳудудлар саналади. Шунингдек, мактабларнинг 127 таси муқобил манбалар билан таъминланиб, 59 та мактабга сув ташиб етказилади. Мактабгача таълим, тиббиёт муассасаларида ҳам шу каби аҳволни кузатиш мумкин. Айрим ҳудудларга сув маълум соатларда, алоҳида график асосида берилишини инобатга олсак, юқоридаги рақамлар шартлилик касб этиши мумкин.
Албатта, бу муаммолар, энг аввало, узоқ йиллар мобайнида йиғилиб қолган бўлиб, сўнгги йилларда уларни бартараф этиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш вазифалари белгиланган. Фикримизни яна Навоий вилояти мисолида далиллайдиган бўлсак, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини жорий йил якуни билан 75,6 фоизга етказиш режалаштирилган. Республика миқёсида эса 2026 йилга бориб мамлакат аҳолисининг 87 фоизини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлаш кўзда тутилган.
Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Боиси аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қувурлар тортиш билангина ечиладиган муаммо эмас, Бунинг учун барқарор сув манбаи ҳам бўлиши зарур. Мавжуд манба эса уни чучуклаштиришни, ўз навбатида илмий изланишларни талаб этади. Бу борада «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ муҳандис ва малакали илмий-техник мутахассислари ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети олимларининг ҳамкорлиги эътиборга молик.
Шундай ҳамкорлик лойиҳаларидан бири тоза сув муаммоларини ҳал этиш бўйича бўлди. Аввало, бу лойиҳани амалга ошириш учун комбинат раҳбариятининг ташаббуси билан 2021 йилда Марказий илмий тадқиқот лабораторияси таркибида «Сув муаммолари тадқиқоти» лабораторияси ташкил этилди. Лаборатория таркибида кимёвий, спектрал ва радиологик таҳлил ҳамда технологик тадқиқотлар гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Лаборатория ишлари учун таркибида 20дан ортиқ кимёвий элементларни аниқлашга мўлжалланган атом-абсорбцион анализатор, эритма таркибидаги лойқалик даражасини аниқлаш мутномер асбоб, спектрофотометр, электрон тарози, куйдириш печи, дистиллятор каби ускуналар ўрнатилди.

Комбинат мутахассислари ва университет олимлари томонидан ўтган даврда қуёш энергиясидан фойдаланиб, ерости сизот сувларини тоза ичимлик сувига айлантириш инновацион қурилмаси устида иш олиб борилди. Натижада бугунги кунда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳудудида тўлиқ қуёш энергиясидан фойдаланиб, ер ости сувларини тоза ичимлик сувига айлантириб берувчи янги намунадаги сув тозалаш қурилмаси яратилди.
— Қурилма ўрнатилган айвон устида 0,5 кВт. ток ишлаб чиқариш қувватига эга 6 та қуёш панели жойлаштирилиб, мазкур панеллар етказиб бераётган ток махсус батареяда йиғилади ва бу технологиянинг барқарор ишлаши учун етарли саналади, — дейди «НКМК» АЖ Навоий машинасозлик заводи бош муҳандиси Карим Абдуллаев. — Тунги вақт ёки булутли кунларда ҳам мазкур батарея 10 соатгача узлуксиз электр энергияси етказиб бера олади. Мазкур технология бир соатда 70 дм. куб ҳажмдаги тоза сув ишлаб чиқариш қувватига эга. Лаборатория таҳлиллари умумий қаттиқлиги 50 мг. эквивалент дм. куб ер ости суви тозалангач, унинг қаттиқлик даражаси 5 мг. эквивалент дм. кубни ташкил этишини кўрсатмоқда.
— Янги технологиянинг техник-ишлаб чиқариш жараёнларига батафсил тўхталиб ўтадиган бўлсак, дастлаб 60 метрлик ер ости қудуғига сув чиқариш насоси ўрнатилиб, мазкур насос 30 метрдан сув чиқариб бермоқда, — дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети «Сув муаммолари тадқиқоти» лабораторияси бошлиғи, техника фанлари доктори Ҳусниддин Вафоев. — Сув биринчи босқичда катионли фильтрга келади. Дастлаб лойқа ва муаллақ қум зарраларидан тозалангач, сув катионлардан тозаланади, яъни асосан кальций ва магний ионлари ушлаб қолинади. Фильтрнинг яна бир афзаллиги шундаки, маълум вақт ўтиб катионлар кальций ва магний ионларига тўлгач, қайта регенерация қилиш (фильтрни қайта фаол ҳолатга келтириш) учун арзон маҳсулот, яъни ош тузидан фойдаланилади. Бундан ташқари фильтр ичига юкланган катионитли смоладан беш йил муддатгача алмаштирмасдан фойдаланиш мумкин. Ушбу фильтр сув тозалаш қурилмасининг узоқ ва ишончли ишлашини таъминлаб беришда муҳим қисм саналади.
Кейинги босқичда тозаланаётган ичимлик 1000 дм.куб сиғимга эга сув идишига келиб тушади. Сўнгра паст босимли насос сувни юқори босимлисига йўналтириб, мазкур нуқтадан сўнг сув тескари осмос қурилмасига келиб тушади. Ушбу жараёнда сувни ёт моддалардан ажратиш учун мембранадан фойдаланилади. Мембрана беш босқичдан иборат. Биринчи босқичда 5 микронли полипропилен фильтрдан ўтказилиб, иккинчи босқичда кўмир адсорбентга сингдирилади. Учинчи босқичда эса 1 микронли фильтрдан ўтказилиб, мембранага берилади. Ушбу мембранадаги майда тешикчалардан фақатгина сув молекулалари ўта олади, холос. Ҳажми нисбатан йирик ионлар, кальций, магний, хлор, сульфатнинг асосий қисми эса ўта олмайди. Шундан сўнг сув минерализаторга юборилади. Минерализаторда минераллашган сув ультрабинафша нурлар ёрдамида турли бактериялардан тозаланади. Ичишга яроқли ҳолатга келтирилган сув 1000 дм. куб. сиғимга эга иккинчи — тоза ичимлик суви идишига келиб тушади.
Сув тозалаш инновацион технологиясининг яна бир муҳим конструкцияси сув тарқатиш қурилмасидир. Бу қурилма орқали истеъмолчилар 5 литр ва 10 литр ҳажмдаги сув идишларини керакли камерага жойлаштириш орқали осонгина сув олишлари мумкин. Айни вақтда янги қурилманинг афзаллик жиҳатлари ва тоза ичимлик суви етиб бормаган олис қишлоқларда ўрнатиб бериш имкониятлари ҳамда харажатлари ўрганилмоқда.
Энг муҳими, мавжуд манба, яъни сувни чучуклаштиришни маҳаллийлаштиришда дадил қадам ташланди. Албатта, бу технология янада такомиллаштирилиб, маҳсулот таннархини арзонлаштириш, сифати ва ҳажмини ошириш борасида изланишлар тўхтамайди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг