Товар ва молия бозорларида тенг рақобат муҳити таъминланяптими?

16:40 07 Ноябрь 2024 Жамият
617 0

Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва уни ривожлантиришга қаратилган салмоқли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу албатта, тадбиркорлик ва хусусий бизнес соҳаси вакилларининг эмин-эркин фаолият кўрсатиши ҳамда ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришига замин яратмоқда.

Энг муҳими эса монополияга қарши курашиш ва рақобатни чекланишини олдини олишнинг ҳуқуқий воситаларини илғор халқаро амалиётларга тўлиқ мослаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолашнинг мажбурий тизими жорий этилди ҳамда 116 та турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор этиш тартиботига ўтказилди. Мазкур Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органи (монополияга қарши орган) ҳисобланади

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида товар бозорида 5 та ва ундан ортиқ хусусий сектор субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда давлат иштирокидаги корхоналарнинг таъсис этилишига чекловлар киритилди. Натижада рақобатга таъсирини баҳолашдан ўтказгандан сўнг корхоналарда давлат иштирок этиши бўйича қарор қабул қилиш механизми жорий этилди. Товар ва молия бозорларида тенг рақобат шароитларни таъминлаш мақсадида 30 га яқин соҳада солиқ ва божхона имтиёзлари ва 13 та соҳа бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 30 дан ортиқ товарлар бозорларига тадбиркорларнинг кириши эркинлаштирилди ва монополия ҳолатидан чиқарилди ва устун мавқега эга корхоналар сони 20 фоизга ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар сони 30 фоизга камайди.

Монопол ва юқори ликвидли маҳсулотларни харид қилишда тадбиркорлар учун тенг шароит яратиш мақсадида товар-хомашё биржаларида мажбурий тартибда реализация қилинадиган товарлар сони 46 тага етказилди. Бугунги кунда 200 дан ортиқ йирик монополиялар ва давлат органларида ўз фаолиятини рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди.

Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиётидаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан рақобатга зид ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти ҳозир ҳам мавжуд. Вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида 47 фоиз рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид нормалар киритилганлиги қайд этилган. Иқтисодиётда давлатнинг иштироки ҳанузгача юқорилигича қолмоқда. Албатта, табиий монополия субъектлари фаолияти билан боғлиқ бўлган камида 15 та товар бозорида рақобатни ривожлантириш имкони мавжуд бўлса-да, ушбу бозорлар ҳанузгача табиий монополия субъектлари томонидан монополлаштирилган ҳолатда қолмоқда.

Яна бир ўткир муаммо шундаки, давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва самарадорлик етарли даражада таъминланмаяпти. Бунга давлат харидлари рақобатли тартиботлар орқали бажарилмаётганини, уларнинг 55 фоизидан ортиқроғи тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилаётганини келтириб ўтиш мумкин. Рақобат қўмитаси сўнгги йилларда рақобатни таъминлашга қаратилган назорат билан қамраб олинган 114 мингта танлов ва тендер савдоларининг қарийб 40 фоизида рақобатни чеклаш бўйича ҳаракатлар аниқланган.

Рақобат қўмитаси бозорларда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятлари кенгайтириш ҳамда мазкур тизимли муаммолар ечимини таъминлаш мақсадида ҳар йили 20 дан ортиқ товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат ҳолатини чуқур таҳлил қилишни режалаштирган. Иқтисодиёт тармоқларида рақобат ривожланганлик даражасидан келиб чиқиб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” гуруҳларга ажратилади ҳамда рақобат ривожланмаган тармоқлар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда манзилли ишлар ташкил қилинади.

Тадбиркорлик субъектларида тартибга солиш юкини қисқартириш ва уларнинг товар ва молия бозорларига эркин киришида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилади. Қўмита томонидан мунтазам равишда ташкил этилаётган “Биз сизни эшитамиз” лойиҳаси доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти олдида турган муаммолар ўрганилмоқда, соҳани ривожлантиришдаги янги таклифлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этиб борилмоқда.

Шунингдек, рақобатни ривожлантириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида муҳим бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2024 йил 3 июндаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва мазкур ҳужжатда босқичма-босқич бир нечта йирик монопол корхоналарга берилган махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилиниши белгиланди.

Юқорида келтириб ўтилган қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами жуда кенг. Уларни изчил амалга ошириш орқали иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида янги иш ўринлари яратилишига, маҳсулот ва хизматлар сифатининг ошишига ва умуман олганда мамлакатимизнинг глобал иқтисодиётдаги мавқеини мустаҳкамлашга пухта замин яратилади.

Отабек УСМОНОВ,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

раиси маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер