Тошкентликлар жасорати ва юртсотарлар касофати

11:21 28 Апрель 2024 Жамият
387 0

Туркистон халқлари ҳеч бир замонда босқинчиларга осонликча бўйин эккан эмас. Жонидан кечиб бўлсаям ҳуррият йўлида кураш олиб борган. Ана шундай эътиқод юксак бўлган замонларда халқимиз ҳеч кимга қул бўлмаган. Аммо ичимиздан юртсотарлар чиққан даврларда, минг афсус, ҳуррият қўлдан бой берилган.

Тошкентликларнинг чор Россиясига қарши олиб борган мардона кураши ва юртсотарлар касофатига Ватанимизнинг истибдодга тушиб қолиши бунга ёрқин мисол бўла олади.

Тарихчиларнинг ёзишича, Алимқул Тошкентга келган пайтда Черняев томонидан юборилган жосус ушланади. У тошкентлик амалдорлардан бири Абдураҳмонбекнинг Черняев номига ёзилган хатини олиб келаётган экан. Бундан кўринадики, Черняев доимий равишда ўзимизникилар ёрдамида Тошкент ҳақида зарур маълумотларни олиб турган.

Сир фош бўлгач, Абдураҳмонбек Тошкентдан қочиб, Чимкентда турган Черняев ҳузурига боради. Шунчаки қочиб бормайди, аксинча, Тошкент ва тошкентликлар мағлубиятини таъминлаб берган таклиф билан боради. Унинг таклифи билан шаҳарни сув билан таъминлаб турган “Кайковус” ариғи тўғони бузилади ва сув Чирчиқ дарёсига буриб юборилади. Натижада шаҳар танг аҳволда қолади.

Воқеа шу билан якун топгани йўқ. Шаҳарни бузиб ташлаш билан таҳдид қилган Генерал Черняев тошкентликларни дарҳол тинчлик сулҳини тузишга чақиради.

Кейин нима бўлгани маълум. Генерал Черняев Ҳакимхўжа қозикалон, Абулқосимжон эшон, Домулла Солиҳбек, Охун дадҳо ва бошқа шаҳар катталари билан махсус мажлис ўтказади. Унда савдогарлар ва сардорлар ҳам қатнашади. Музокара якунида тинчлик сулҳи тузилади ва ҳар икки томон битимга имзо чекди. Сўнгра босқинчи генерали айёрликда давом этиб, шаҳар катталарига духоба ва зар ёқали чакмонлар кийдирди.

Шу тариқа Тошкентнинг рус давлатига таслим бўлиши ҳақидаги ҳужжат расмий равишда қабул қилинди. Аслида эса бу тинчлик сулҳи эмас, қуллик битими эди.

Баъзида шаҳар пешволари бу битимни тузишга шошмасалар бўлармиди, деган ўй ҳам кечади. Негаки, ҳали тошкентликларда кураш шавқи, янаям аниқроғи, кураш алангани ҳали сўнмаган эди-да.

Ватан ўз қаҳрамонларини унутмагани каби хоинларни ҳам асло эсдан чиқармайди, юз йиллардан кейин бўлсаям тарихнинг кўмилиб кетган қатлари орасидан тортқилаб чиқариб олаверади.

Балки юртсотарлар бўлмаганида эди, босқинчилар учун Ватанимиз ичига чуқур киришлари учун йўл ёпилган бўлармиди...

Балки юртсотарлар бўлмаганида эди, гўзал Туркистонимиз 130 йиллик истибдодга тушиб қолмаган бўлармиди...

Албатта, шундай бўлган бўлар эди...

Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер