Тошкентдаги уйда юз берган чақнаш оқибатида бир бола ҳалок бўлди

07:30 02 Март 2025 Жамият
358 0

Видеодан кадр

Аввалроқ Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ чақнаши содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Пойтахт ҳокимлиги ҳодисада бир бола вафот этганини маълум қилди.

Билдирилишича, воқеа оқибатида бир неча киши, жумладан, икки нафар бола жароҳат олган. Афсуски, улардан бири шифохонага олиб кетилаётганда вафот этди, иккинчиси ҳозирда шифокорлар назорати остида.

«Барча жабрланганлар тез тиббий ёрдам ходимларига топширилди», дейилади қўшимча маълумотда.

Газ чақнаши билан боғлиқ ушбу ҳодиса ҳақида батафсил

Кеча, 1 март куни соат 15:23 да Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасига Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-4 мавзесида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонда чақнаш содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Айтилган манзилга ёнғин-қутқарув экипажлари соат 15:29 да етиб борганида, 9 қаватли уйнинг 9-қаватидаги хонадонда газ чақнаши ортидан ёнғин келиб чиққани аниқланган, аланга соат 16:07 ўчирилган.

ФВБга кўра, чақнаш юз берган хонадондан 6 нафар фуқаро қутқарилиб, тез тиббий ёрдам хизматига топширилган.

Бахтсиз ҳодиса содир бўлган манзилга ёнғин-қутқарув экипажларидан ташқари, ФВБ, ИИББ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари ҳам етиб борган.

Ҳолат юзасидан берилган бирламчи маълумотларга қараганда, ёнғин содир бўлган хонадонда фуқаро, ошхонада газ плитасини ёқиш орқали ўз жонига қасд қилишга урингани, натижада газ ҳаво аралашмаси чақнаши туфайли ёнғин келиб чиққани ва ушбу фуқаро 9-қаватдан ўзини пастга ташлаб ҳалок бўлгани аниқланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер