Тошкентдаги уч бозорнинг айрим блоклари вақтинча ёпилди
Иллюстратив фото
Тошкент шаҳрида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган текширувлар давомида қатор қоидабузарликлар аниқланиб, айрим бозор ҳудудлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 8 апрель куни Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимлари томонидан пойтахтдаги учта бозорда режали текширувлар ўтказилган. Жумладан, Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» деҳқон бозори, Шайхонтоҳур туманидаги деҳқон бозори ҳамда Чилонзор туманидаги буюм бозори кўздан кечирилган.
Текширувлар давомида мазкур бозорларнинг айрим ҳудудларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилганлиги аниқланган. Шу муносабат билан, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар бозорларнинг айрим блоклари тегишли ҳужжатлар асосида вақтинчалик ёпилган.
Таъкидланишича, мазкур бозорларнинг фаолияти тўлиқ тўхтатилмаган, балки иншоотларнинг камчилик аниқланган маълум бир қисмларигина электр таъминотидан вақтинчалик узиб қўйилган.
Шу ўринда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси масъул шахсларга хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш зарурлигини яна бир бор эслатган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг