Тошкентдаги хусусий мактаблардан бирида ўқувчининг сочи директор томонидан мажбурлаб олиб ташланди (+видео)
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги хусусий мактаблардан бирида ўқувчининг сочи директор томонидан мажбурлаб олингани ҳақида видеотасвирлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирдаги ҳолат 2025 йилнинг 28 апрель куни «Sharjah school» хусусий мактабида содир бўлган. Маълум бўлишича 7-синф ўқувчиси Ж.Г. сочини олдириш ҳақида мактаб маъмурияти томонидан бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, мактаб ички тартиб-қоидаларига бўйсунмаган ҳолда сочлари ўсган ҳолда келишни давом эттирган.
Жорий йилнинг 27 апрель куни ўқувчининг ота-онаси мактабга чақиртирилган ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Суҳбат давомида ўқувчининг ота-онаси томонидан эртага фарзанди мактабга сочи олинган ҳолда келиши, акс ҳолда унинг сочини олишга оғзаки розилик билдиришган.
Эртаси куни, яъни, 28 апрелда ўқувчи Ж.Г. мактабга сочининг икки ён томони олингани, лекин олди томони олинмаган ҳолда келган. Шундан сўнг, мактаб директори Д.М. таэквондо мураббийи Д.А. га ўқувчи Ж.Г. нинг сочини олиш бўйича топшириқ берган.
«Бундан норози бўлган ўқувчининг ота-онаси жорий йилнинг 29 апрель куни мактабга шикоят қилиб келишган. Шу куни мактаб директори Д.М., мактаб психологи М.Ф., таэквондо мураббийи Д.А. лар ўқувчи Ж.Г. нинг уйига бориб, содир бўлган ҳолат юзасидан ўқувчи ва унинг ота-онасидан узр сўрашган. Мактаб психологи томонидан эса ўқувчи Ж.Г. билан суҳбат ўтказилган», — дейилади бошқарма хабарида.
Шунингдек, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан суриштирув олиб борилаётгани маълум қилинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг