Тошкентдаги дорихонадан ҳиндистонлик эркакнинг жасади топилди
Иллюстратив фото
Тошкент шаҳридаги дорихоналардан бирининг ювиниш хонасидан Ҳиндистон фуқаросининг жасади топилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 12 июль куни Яккасарой туманида жойлашган хусусий фирмада ишлаб келган 61 ёшли Ҳиндистон фуқароси С.Ш.нинг жасади топилган.
Аниқланишича, у ўша куни тахминан соат 12:00-13:00 лар оралиғида фирма биноси ичидаги ювиниш хонасида ўзининг чап билак соҳаси томирларига ва бўйин соҳасига устара ёрдамида жароҳат етказиб, ўз жонига қасд қилган.
“С.Ш. вафотидан олдин ўзи томонидан инглиз ва рус тилларида моддий қийинчиликка тушиб қолганини, ўз жонига ўзи қасд қилганини ва ушбу ҳолат бўйича ҳеч кимга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, фақатгина унинг жасадини Ҳиндистонга жўнатилишини илтимос қилиб, хат ёзиб қолдирган», дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Яккасарой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг