Тошкентда яна бир ФВБ ходими пора билан ушланди
Фото: ДХХ
Тошкент шаҳрида Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимининг ноқонуний ҳаракати фош қилинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ФВББнинг Юнусобод туман бошқармаси Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўлими инспектори Олмазор туманида жойлашган хусусий клиниканинг ёнғинга қарши ҳолати юзасидан ваколатли ҳамкасблари орқали ижобий хулоса олиб беришни ваъда қилиб, жорий йилнинг февраль ойида МЧЖ раҳбаридан 6,5 млн сўм олган. Бироқ, у турли баҳоналар билан ваъдасини бажармасдан келганлиги сабабли, фуқаро ундан пулларини қайтаришни талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, инспектор муқаддам олган пулларини қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори 1,5 минг доллар пора олган вақтида қўлга олинган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг