Тошкентда тиланчилик қилган 70 кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
Фото: ИИББ
Тошкент шаҳрида июнь ойида тиланчилик билан шуғулланаётган шахсларга қарши ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида 300 нафарга яқин шахслар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, уларнинг 70 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Тиланчилик қилиш» моддасига асосан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 47 нафари маъмурий жаримага тортилган. Шунингдек, 68 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган ва суд томонидан огоҳлантирилган. 44 нафар вояга етмаган бола Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига топширилган.
Бундан ташқари, 15 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли Реабилитация марказига юборилган, 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг «Тиланчилик қилиш» моддасига кўра жиноят иш қўзғатилган. Қолган шахсларга нисбатан текширув ишлари давом этмоқда.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг ўтган яримида тиланчиликни ўзига касб қилиб олган 1880 нафар шахс аниқланган.
Таъкидлаш керакки, қонунчиликда бу турдаги ҳуқуқбузарлик билан шуғулланиш БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда жаримага (1 млн 125 минг сўм) ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солишга (3 млн 750 минг сўм) ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шундай қилмиш маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилса, жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг