Тошкентда қурилиш крани қулаши оқибатида 25 ёшли ишчи ҳалок бўлди

12:42 09 Сентябр 2025 Жамият
249 0

Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида минорали қурилиш крани ағдарилиб кетиши оқибатида 25 ёшли ишчи ҳалок бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.

Маълум қилинишича, кеча, 8 сентябрь куни тахминан соат 18:00 ларда Чилонзор тумани Тирсакабод кўчасида олиб борилаётган қурилиш ҳудудида минорали қурилиш кранини ўрнатиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани сабабли ушбу кран қулаб тушган.

Оқибатда ўрнатиш ишларини олиб бораётган 25 ёшли ёлланма ишчи Л.А. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ёлланма ишчилар — 20 ёшли И.Қ. ва 25 яшар М.А. турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

«Вафот этган фуқаронинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз», дейилади ИИББ хабарида.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши») билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер