Тошкентда пиёдани уриб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчиси 5 йилга қамалди
Архив фото
2023 йил 19 июлда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Yutong автобуси уриб кетган пиёда вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Яккасарой туман судида ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳужжатига кўра, 19 июль куни соат 16:30 да Бобур кўчасида автобус ҳайдовчиси А.Д. чап тизмага ўтаётганда орқани кўрсатувчи чап ойнага қараб, 2-3 сония тўғри йўлга қарамасдан чалғиб қолган. Шу вақт йўлдан ўтаётганда қатнов қисмида белидан тушиб қолган рациясини олиш учун ўтаётган Г. К.ни уриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан у вафот этган.
Судда ҳайдовчи қилмишидан пушаймон эканини ва айбига тўлиқ иқрорлигини, шунингдек, пиёданинг оила аъзоларига 8,3 миллион сўм моддий ёрдам берганини маълум қилди. У суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.
Судда жабрланувчининг қонуний вакили ва турмуш ўртоғи А.М. унга 70 миллион сўм моддий ва маънавий зарарларни ундириб беришни ва судланувчи А.Д.га нисбатан қонун доирасида жазо тайинлашни сўраб, кўрсатув берди.
Якунда суд судланувчи А.Д.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам вафот этиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.
Унга нисбатан 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташлик белгиланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг