Тошкентда PEMPAL Ички аудит ҳамжамиятининг ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

10:42 18 Октябр 2023 Сиёсат
436 0

Жорий йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилаётган Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) Ички аудит ҳамжамиятининг навбатдаги ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Ялпи мажлис “Давлат ички молиявий назоратининг давлат секторидаги ислоҳотлар билан ўзаро боғлиқлиги ва уларни мувофиқлаштириш” мавзусига бағишланган бўлиб, унда халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ҳамда мамлакатимизда ички аудит соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан иштирокчиларни таништириш назарда тутилган.

Мазкур ялпи мажлисда Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Халқаро ички аудиторлар институти ҳамда ҳамжамиятга аъзо 25 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин халқаро экспертлар ва амалиётчилар иштирок этмоқда.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров кириш сўзи билан очди. У ўз нутқида мамлакатимизда давлат ички аудит тизими ислоҳоти доирасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб, ялпи мажлиснинг Ўзбекистонда ўтказилиши юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шу билан бирга, ялпи мажлиснинг очилиш маросимида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи жаноб Марко Мантованелли ҳамда Ички аудит ҳамжамиятининг ижро қўмитаси раиси Татяна Трайковска сўзга чиқиб, Европа минтақаси ва Марказий Осиё мамлакатларида давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL), шунингдек, Ички аудит ҳамжамияти доирасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган ютуқларга тўхталиб ўтишди.

Тадбирнинг биринчи кунида давлат ички аудити ва давлат бошқаруви ҳамда давлат молиясини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларнинг ўзаро таъсири ва мувофиқлаштириш бўйича тақдимот, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили ҳамда гуруҳлар муҳокамаси ўтказилди. Шунингдек, Жаҳон миқёсида ҳамда PEMPAL Ички аудит ҳамжамиятига аъзо мамлакатларда ички аудит ва ички назорат соҳасида сўнгги янгиликлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда давлат молиявий назорати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини муҳокама қилиш орқали келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш ҳамда халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг экспертлари ҳамда амалиётчилари билан ўзаро фикр ва тажриба алмашишга хизмат қилади.

Маълумот учун, PEMPAL таълим дастури 2006 йилда Жаҳон банки томонидан ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиё ва Европа минтақасидаги 23 та мамлакатнинг Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш, қиёсий таҳлил қилиш ва таълим семинарлари ўтказиш орқали маҳаллий мутахассисларнинг билим-кўникмаларини оширишга имкон яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер