Тошкентда она икки фарзандини интернетда танишган аёлга ташлаб кетди
Фото: Болалар омбудсмани
Тошкент шаҳрида она ўзининг икки нафар ёш боласини бошқа аёлга ташлаб кетди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Олмазор туманида яшовчи Қ.Н. исмли аёлнинг ёнига ижтимоий тармоқ орқали танишган M.M. исмли бошқа бир аёл келиб, унинг ишончига кирган ҳамда ўзининг икки нафар вояга етмаган ўғлини Қ.Н.га ташлаб кетган.
Маълум қилинишича, вояга етмаган ушбу ўғил болаларнинг бири 2022 йилда туғилган ҳамда иккинчиси икки ойлик гўдак бўлган. Қайд этилишича, бундан 45 кун олдин ташлаб кетилган болаларни Қ.Н. ўзи боқиб келган ҳамда шу муддат ичида уларнинг онаси M.M. бирон марта ҳам улардан хабар олмаган.
Ҳозирда 2 нафар гўдак 3 ёшгача болалар учун умумий типдаги болалар уйига вақтинча жойлаштирилиб, ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Айни пайтда M.M. билан алоқа ўрнатилган бўлиб, унинг қарамоғида бўлган кичик ёшдаги фарзандларига ғамхўрлик кўрсатмаганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш жараёни олиб борилмоқда», дейилган хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг