Тошкентда “Нефть ва газ – 2026” XIX анъанавий илмий конференцияси бўлиб ўтди

19:54 20 Февраль 2026 Жамият
560 0

Шу йилнинг 18-20 февраль кунлари Тошкент шаҳрида “Нефть ва газ – 2026” XIX анъанавий талабалар илмий конференцияси ўтказилди. Унда 130 нафардан зиёд иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Мазкур конференция 10 та тематик йўналишни қамраб олиб, унда нефть-газ саноатининг бугунги кундаги энг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар қуйидаги йўналишларда ўз ишланмаларини намойиш этди:

  • Нефть ва газ конларининг геологияси, қидирув ва разведка ишлари;
  • Нефть ва газ конлари ҳамда ерости газ омборларини ишлаб чиқиш;
  • Қудуқларни бурғилаш;
  • Қувур транспорти тизимларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш;
  • Нефть-газ мажмуасида муҳандислик ва амалий механика;
  • Нефть ва газ саноатида кимёвий технологиялар ва экологик хавфсизлик;
  • Нефть-газ компаниялари иқтисодиёти, меҳнат ва персонални бошқариш;
  • Нефть-газ соҳасида гуманитар фанлар ва PR;
  • Илмий маърузаларни инглиз тилида тақдим этиш;
  • Олий таълимгача йўналиш: табиий фанлар, информатика ва АКТ, гуманитар фанлар, экология.

Анжуман аввалида И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Давлатбой Жумабоев ушбу конференциянинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Бу конференция шунчаки расмий тадбир эмас, балки нефть-газ соҳасининг долзарб масалалари муҳокама қилинадиган ҳақиқий илмий майдондир. Талабаларимизнинг глобал трансформацияга тайёр экани ва замонавий фикрлаётгани бизни қувонтиради“, — дея таъкидлади Давлатбой Жумабоев.

Анжуман якунида нафақат энг яхши маъруза муаллифлари, балки ўтган йил давомида юқори натижа кўрсатган ёшлар ҳам рағбатлантирилди.

Иқтисодиёт йўналиши 3-босқич талабаси Асқарова Мумтозмаҳалнинг сўзларига кўра, бундай рағбатлантириш тизими талабаларни янада кўпроқ изланишга ва ўз устида ишлашга ундайди.

Бундан ташқари, тадбир ташкилотчиларнинг маълум қилишича, анжуманда саралаб олинган энг яхши илмий мақолалар махсус тўплам ҳолида нашр этилади. Конференция ниҳоясида бу каби тадбирлар энергетик трансформация шароитида рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Машҳура АЛИМАРДОН, “Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер