Тошкентда метро поездида носозлик сабаб тутун чиқдими?
Ижтимоий тармоқларда Пахтакор метро бекатида поезд носозлик кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан «Тошкент метрополитени» маълумот берди.
Унда айтилишича, бугун, 14 апрель куни соат тахминан 12:50 атрофида Пахтакор метро бекатига кириб келган 27-сонли 1985 йилда ишлаб чиқарилган ҳаракат таркибида техник носозлик аниқланган.
Амалдаги йўриқномаларга мувофиқ, йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча йўловчилар бекатга туширилган ҳамда ҳаракат таркиби техник кўрик йўлагига юборилган.
Шундан сўнг, йўналишдаги узлуксиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида 3 дақиқа вақт ичида захира поезди йўналишга чиқарилган.
«Ижтимоий тармоқларда таъкидланган тутун чиққани бўйича ёзилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг