Тошкентда лифт ичидаги одамлари билан бирга қулаб тушди (+видео)

16:18 12 Март 2025 Жамият
512 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Нормуҳаммедов даҳаси 12-уйнинг лифти ичида одамлари билан пастга қулаб тушгани ҳақида видеотасвирлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги изоҳ берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат вазир ўринбосари Озода Жўраева томонидан воқеа жойга чиқиб ўрганилган. Аниқланишича, лифтнинг тўхташ қаватига келганда секинлаштириш функциясини амалга оширувчи датчик носозлиги туфайли ўз вақтида керакли сигнал етиб бормаган. Шу боис лифтнинг ҳимоя функцияси ишга тушиб, 2 ва 3 қаватлар оралиғида ҳаракатланишдан тўхтаган.

Шундан сўнг, кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи «Eco hudud» ва лифтларнинг эксплуатациясини шартнома асосида амалга ошириб келаётган «Xavfsiz lift» ташкилотининг 24/7 диспетчерлик хизматига келиб тушган мурожаат бартараф этилган. Воқеа жойига лифтга хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари етиб келиб, аҳолини 4-5 дақиқа ичида чиқариб олишга эришган.

Шунингдек, вазир ўринбосари Озода Жўраева Яшнобод тумани ҳокими, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳолатни муҳокама қилган. Бунда тизимни рақамлаштириш, кузатув механизмини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, масъулларга, лифт кабиналарида алоқа каналларини яхшилаш юзасидан аниқ топшириқлар белгиланиб, мазкур ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

«Ҳозирда лифт қурилмаси соз ҳолатга келтирилган», — дейилади вазирлик муносабатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер