Тошкентда хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ўсимликлар карантини инспектори қўлга олинди

14:04 13 Апрель 2026 Жамият
192 0

Мансабдор шахслар томонидан ноқонуний бойлик орттириш мақсадида хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиниши давлат бошқаруви тизими ва жамият равнақи учун жиддий хавфдир. Ана шундай қонунбузилиш ҳолатларидан бирига Давлат хавфсизлик хизмати томонидан чек қўйилди.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний даромад орттиришни кўзлаган. У 1995 йилда туғилган фуқарога тегишли бўлган 187 дона қадоқдаги 7 турдаги минерал ўғит маҳсулотларини «Навоий» чегара божхона пости орқали ўтказиб берганлиги эвазига 20 миллион сўм талаб қилган.

Мазкур ноқонуний ҳаракат ДХХ ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилди. Инспектор сўралган пул маблағини пойтахтнинг Олмазор тумани ҳудудида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан инспекторга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер