Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган йигитлар жазоланди
Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган йигитлар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳуқуқбузарлар тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳолда, ўзгага тегишли бўлган «Gentra» русумли автомобилни бошқаришган. Машинага махсус чироқлар ўрнатилган, давлат рақамлари эса ечиб олинган. Ушбу транспорт воситаси кўчаларда ҳаракатланиб, фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйган.
Тегишли ўрганишлардан сўнг ҳуқуқ тартибот идоралари қоидабузарларнинг шахсини аниқлашди.
Ҳуқуқбузарлар давлат рақамларисиз уларни топиб бўлмайди, деб ўйлашган. Суд мажлисида улар қилмишидан пушаймон эканликларини ва бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини таъкидлашди.
«Gentra»ни йигитларга бериб юборган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга бошқаришнинг топширилиши) билан БҲМнинг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди.
Уч нафар йигит эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топилди. Уларнинг бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солинган бўлса, қолганларига беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг