Тошкентда ижарага олинган уйларни сохта ҳужжатлар билан сотиб келган гуруҳ ушланди
Фото: ИИВ
Тошкент шаҳрида ижарага олинган уйларни қалбаки ҳужжатлар асосида бошқа шахсларга сотиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, муқаддам фирибгарлик, ўғрилик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ моддалар билан судланган 34 ёшли шахс тўрт нафар фуқарони жиноий фаолиятга жалб қилган. 46, 29, 32 ва 26 ёшли гуруҳ аъзолари пойтахтда фуқароларга тегишли уйларни ижарага олиб, уй эгалари билмаган ҳолда ҳужжатларни қалбакилаштириб, уларни сотиш билан шуғулланган.
Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзолари Миробод тумани Нукус кўчасида жойлашган 95 квадрат метр майдонга эга хонадонни сотиш учун мижоз топгани аниқланган. Улар ҳар квадрат метрни 1300 доллардан ҳисоблаб, харидор билан оғзаки келишувга эришган.
Шундан сўнг Яккасарой туманидаги нотариал идорада олди-сотди ҳужжатлари расмийлаштирилаётган вақтда гуруҳ аъзолари 110 минг долларни олаётганида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг