Тошкентда иккита йўловчи автобуси тўқнашиб кетди. Жабрланганлар бор
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳри Сергели туманида иккита йўловчи автобуси тўқнашиб кетиши оқибатида 4 киши жабрланди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун 14 июнь куни соат 16:14 ларда 131-сонли йўналиш ҳайдовчиси Р.Б бошқарувидаги автобус Сергели тумани Янги Сергели кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, пиёдалар ўтиш йўлагида пиёдани ўтказиш учун тўхтаган вақтда, орқадан оралиқ масофа сақламай ҳаракатланиб келаётган 58-сонли йўналиш ҳайдовчи К.Б бошқарувидаги автобус келиб урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Дастлабки маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автобус ҳайдовчиси, чиптачиси ва 2 нафар йўловчи тан жароҳати олган, автобуслар техник шикастланган.
«Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланди», дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ МДХ тезкор гуруҳи ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг