Тошкентда бетон қоплама билан ўралган дарахтларни бетондан тозалаш бўйича экоакция бошланди

15:39 21 Апрель 2023 Сиёсат
1235 0

Фото: «Халқ сўзи»

2023 йил 20 апрелдан Тошкент шаҳрида Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан «Дарахтларни асрайлик» экоакцияси бошланди. Акция доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги бетонланган ва асфальтланган дарахтлар қутқарилади, дарахтлардаги реклама баннерлари ва ёруғлик берувчи пластик буюмлар олиб ташланади.

Тадбирда Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳамда туман ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та сектор, туманлар ҳудудий тузилмалари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экофаоллар иштирок этди.

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад бетонланган ёки асфальтланган дарахтларнинг пойдеворини очиш ва уларнинг бардавомлигини таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади.

«Бугун шаҳримизда кўплаб дарахтларнинг бетон ёки сунъий қопламалар билан ўралганлигини кўриш мумкин. Бу дарахтларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, тунги ёруғлик мосламаларини ўрнатиш орқали дарахтларга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, бу уларнинг табиий ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда, – деди А.Абдуҳакимов. – «Дарахтларни асрайлик» экоакцияси мавжуд дарахтларни бетон ва асфальт қопламасидан, пластик ёриткичлардан (гулчалар, лампочкалар) ва реклама баннерларидан озод қилишга қаратилган. Табиат ресурслари вазирлиги томонидан @ecogovuz_bot Телеграм боти орқали аҳолидан келган мурожаатлар йиғилиб, дарахтларнинг табиий ўсиши жараёнига халақит бераётган муаммолар ободонлаштириш бўлимлари ва фаоллар билан биргаликда бартараф этилади».

Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан 11 та йирик йўл четида мониторинг ишлари олиб борилганда 250 турдаги манзарали ва мевали дарахтларнинг пойдевори бетонланганлиги аниқланган. Экоакция доирасида барча ҳолатлар бартараф қилинади. Бу акция Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер