Тошкентда 3 млрд сўмлик ноқонуний дори сотган ота-бола ушланди
Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати ДХХ ва Божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 3 миллиард сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари савдоси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1969 ва 1997 йилларда туғилган ота-бола ўз яшаш хонадонида айланма йўллар орқали олиб келинган дори воситаларини сақлашга мўлжалланган яширин омбор ташкил қилиб, у ерда дори воситаларини сақлаш ҳамда дорихоналарга ўтказиш билан шуғулланишган.
Тезкор тадбир давомида қонунбузарларга тегишли хонадон ва автомобиль кўздан кечирилганда, асосан Туркия ва Ҳиндистон давлатларида ишлаб чиқарилган «Дюспаталин», «Новомикс», «Галвус МEТ» каби 87 турдаги, жами 133 374 дона, тахминий қиймати 3 млрд сўмдан ортиқ бўлган дори воситалари ҳамда 50 минг АҚШ доллари, 10,6 млн сўм ва 150 нафар шахсга тегишли бўлган банк пластик карталари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Ҳозирда дори воситалари намуналари экспертизадан ўтказиш мақсадида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юборилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг