Тошкент вилоятнинг 8 та ҳудуддида «Олтиариқ тажрибаси» асосида узум плантациялари барпо этилмоқда

17:32 09 Август 2023 Жамият
501 0

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 3 августдаги «2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-260-сонли қарорига кўра, республиканинг 51 та туман ва шаҳарида «Олтиариқ тажрибаси» асосида янги узум плантациялари ва 187 минг 614 гектар майдонда янги боғлар барпо этиш назарда тутилган. 

Шу мақсадда, Пискент туманининг узумзорлари билан танилган Мингтепа маҳалласида бўлиб ўтган соҳа масъуллари иштирокидаги семинарда ҳам замонавий кўчатхоналар барпо қилиш, кластер ва кооперация усулида узум маҳсулоти етиштириш ҳамда қайта ишлаш, узум плантацияларини ташкил этиш ва уларни молиялаштирилиш борасида сўз борди.  

- Қарор талабларидан келиб чиқиб, вилоятда узумчилик ва виночиликни ривожлантириш, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини оширишда қўшилган қиймат занжирини яратиш ҳамда аҳоли хонадонларида узум етиштириш кенг йўлга қўйилади,- дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев семинарда.

Тадбир давомида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Қўштепа туманларидан келган боғбон ва агрономлар ўзларининг тавсияларини беришди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Бекобод, Паркент, Янгийўл, Зангиота, Оҳангарон, Тошкент, Қибрай ҳамда Ўртачирчиқ туманларида узум плантациялари ташкил этилади. 20 минг гектар янги ўзлаштирилган ерларга ҳамда коллектор ёқалари, темир ва автойўл бўйлари, самарасиз боғлар, дала чети, аҳоли хонадонларига экилиши таъкидланди. Бу ерларга хўраки, кишмишбоп, саноатбоп узумлар жойлаштирилади.

Натижада, вилоятда токзорлар майдони 38 минг гектарга ҳосилдорлик эса 3 баробарга оширилиши таъкидланди. 

500 минг тонна ҳосил олиниб, шундан 270 минг тоннасини экспортга чиқариш ҳамда камида 100 минг нафар аҳолини иш билан банд қилиш ҳисоб-китоблари амалга оширилган. 

Яна фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонлари сифатли узум кўчатлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, вилоятда қўшимча камида 1 та  «Ин-витро» лабораториялари ташкил қилинмоқда. Қўшимча 20 минг тонна сақлаш қувватига эга бўлган музлаткичли омборхоналар 27 минг тонна қуритиш омборлари ташкил этилади.

Шунингдек, Пискент туманида ҳозирги кунда Мингтепа, Янгиобод, Бирлик маҳаллаларида «бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойили асосида ток сўриларида узум етиштириш ривожланган. Аҳоли томорқаларида 700 гектарга яқин узумзорлар мавжуд. Биргина Мингтепа маҳалласи ҳам узумчиликда ўзига хос тажрибага эга бўлиб, бугунги кунда мавжуд 575 хонадоннинг барчасида 140 гектардан ортиқ аҳоли томорқаларида «Хусайни», «Ризамат ота», «Кишмиш», «Чарос», «Оқ чиллаки», «Қора чиллаки» навли узумлар етиштирилади. Президент қарори асосида Мингтепа ва Янгиобод маҳалласида 1 минг 200 гектар янги узумзор боғлар барпо этилади. Деҳқон хўжаликлари ташкил этиш ниятида бўлган фуқароларга 30 йил муддатга 50 сотихдан ажратиб берилади.

Тадбирда 500 тонна сиғимли музлаткич, узумни қайта ишлаш цехлари қуриш, агротуризм имконитяларидан фойдаланиш бўйича янги лойиҳаларни ҳам тақдим этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер