Тошкент вилоятида ҳокимлик захирасидаги 5 гектар ерни сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Иллюстратив фото
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ҳокимлик захирасидаги 5 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро А.С.нинг Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига қилган мурожаатига асосан, вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда фуқаро Б.С. Юқори Чирчиқ тумани «Миям-Кангли» маҳалласида жойлашган ҳокимият захирасидаги 5 гектар ер майдонини 200 минг АҚШ доллари эвазига ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали туман ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб, унинг номига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, келишилган пулдан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг