Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича суд бошланди
Иллюстратив фото
Бугун, 13 март куни Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судида 2025 йил сентябрь ойида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйичирчиқ туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди.
Билдирилишича, 11 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «б» банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Қайд этилишича, cудланувчиларнинг 10 нафарига «қамоққа олиш», 1 нафарига эса «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
«Суд жараёни якуни бўйича қўшимча маълумот берилади», деб ёзади Азиз Абидов.
Боғча болаларининг оммавий заҳарланиши
2025 йилнинг 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари саломатлигида ўзгариш бўлгани сабабли тиббиёт бирлашмаларининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилинган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Мазкур вазият дарҳол ММТВ томонидан назоратга олиниб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўрганиш ишлари бошланган.
Тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.
Жорий йилнинг 10 февраль куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан айблов хулосаси тасдиқланиб, Жиноят-процессуал кодексининг 388-моддасига (жиноят ишини судга юбориш) асосан тегишли судловга юборилган.
Ҳолат юзасидан МЧЖ директорлари ва ходимларига оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг иш юритувига келиб тушган. Шундан сўнг,
- Р. О. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ директори);
- С. С. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ таъсисчиси ва сотув бўлими менежери);
- Ф. О. (эркак, 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ таъсисчиси ва директори ўринбосари);
- А. С. (эркак, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ бош технологи);
- Р. Х. (эркак, 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ технологи);
- М. Н. (эркак, 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ технологи ёрдамчиси);
- Ж. Х. (эркак, 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган, “Governess Business” МЧЖ директори);
- Ф. Д. (эркак, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Kinder Garden Group” МЧЖ директори);
- И. С. (эркак, 2000 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Innavation Outsourcing Servise” МЧЖ директори);
- Б. Р. (эркак, 1992 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Nishon invest” МЧЖ директори);
- Д. Қ. (аёл, 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ лаборанти)га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг иш юритувига келиб тушган.
Мазкур 11 шахс Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “б” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг