Тошкент тиббиёт академиясининг қарийб 5 гектар ери кореялик инвесторларга берилади

14:46 10 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
1940 0

Вазирлар Маҳкамасининг «Корея консорциумининг инвестиция лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага қўра, Тошкент шаҳрида 400 ўринли, кунига 3500 амбулатор ташрифга мўлжалланган Тиббиёт маркази, шунингдек қуввати 2400 талаба (бакалавр, магистр)га таълим беришга мўлжалланган Корея тиббиёт университетининг филиалини ўз ичига олган умумий қиймати 135,2 млн АҚШ доллари бўлган тиббиёт кластерини яратиш бўйича таъсисчилари Uclone&SNS Korea Inc, KIND бизнес гуруҳи, KDBank акциядорлик гуруҳи, Shinhan Bank, K-Exim Bank, Кореянинг Чунг-Анг университети бўлган Корея консорциуми (инвестор) тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳасини амалга ошириши режалаштирилмоқда.

Тиббиёт кластерини қуриш ва фойдаланишга топшириш

BLT (build-lease-transfer) «қурилиш – ижара – топшириш» платформаси асосида амалга оширилади ва 25 йилга мўлжалланади, шундан сўнг лойиҳа ўзбек тарафининг Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошқарувига ўтказилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати ўртасидаги битим доирасида амалга оширилади.

Лойиҳада келтирилишича, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида тиббиёт кластери қуриш учун майдони 4,8 га бўлган ер участкаси ажратилади.

Қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа ҳужжатлари инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жараёни билан бир вақтда ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига истисно тариқасида рухсат берилади.

Инвестиция лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 135,2 млн АҚШ доллари. Тиббиёт марказининг умумий қиймати: 105,5 млн, Тиббиёт университетининг умумий қиймати эса 29,7 млн АҚШ доллари. Молиялаштириш манбаси Корея консорциумининг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларидир.

Инобат АҲАТОВА, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер