Тошкентда хусусий тадбиркорлар томонидан қурилган уйларнинг 10-15 фоизи ҳокимлик ҳисобига ўтказилади
Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини кўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат ва хусусий шерикчиликни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳага қўл урди.
Хусусан, жорий йилнинг 14 июль куни 12:00дан 15:00га қадар пойтахт ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга масъул идоралар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар иштирокида амалий учрашув ўтказилади.
Янгича ёндашувда ўтказилаётган ушбу учрашувда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар Тошкент шаҳрини янада кўркам қилиш, пойтахтимизда саноат ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа барча соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин. Тадбиркорлардан лойиҳаларини слайд кўринишида тақдим этишлари сўралади. Учрашув очиқ, холис ва шаффоф ўтиши кафолатланади.
Мазкур тадбирнинг муҳим бир натижаси сифатида пойтахтимизда турар жой биноларини қуришни режалаштирган тадбиркорларга лойиҳалари тасдиқдан ўтгач, Тошкент шаҳар ҳокимияти Давлат шерикчилиги асосида ер участкалари ажратади. Бунда давлат шерикчилигининг аҳамияти шундаки, турар жой биноларининг қурилиши тугатилгач, давлатга уларни сотишдан тушган даромаддан фоиз тўланмайди, балки умумий хонадонларнинг 10-15 фоизи ҳокимлик тасарруфига ўтказилади ва ушбу хонадонлар чин етим, ногирон, кам таъминланган, боқувчиси йўқ уй-жойга муҳтож аҳоли қатламига тақдим этилади.
“Мазкур учрашув якуни бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркор ва инвесторлардан ушбу учрашувда фаол иштирок этишларини сўрайди!”, дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг