Тошкент халқаро мусиқа фестивалига мезбонлик қилмоқда
Ўзбекистон давлат консерваториясида “Наврўз садолари” халқаро мусиқа фестивали бошланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон давлат консерваторияси, “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Танловнинг дастлабки босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги санъат ва маданият йўналишидаги лицейлар ҳамда коллежлар жамоалари ўртасида уюштирилди. Фестивалнинг якуний босқичи ғолиблар ҳамда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистондан келган ёш санъаткорлар ўртасида бўлиб ўтмоқда.
Фестивалнинг илк кунида миллий чолғу асбоблари кўргазмаси, кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг чиқишлари, “Сўғдиёна” оркестрининг “Миллий созлар ифори” номли концерти намойиш қилинди.
— Бундан 40 йил муқаддам Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олганман, — дейди Қирғизистон халқ артисти Тентемиш Мураталиев. — Фестивалда шогирдларимнинг иштирок этаётгани илдизлари бир-бирига туташ, урф-одат ҳамда анъаналари, миллий маданияти муштарак икки халқнинг чинакам байрамидир.
Тадбир аввалида кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг чиқишлари намойиш қилинган бўлса, унинг кейинги кунида қатнашчилар нафақат концерт дастури, балки устозларнинг маҳорат дарсларидан ҳам баҳраманд бўлишади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг