Тошкент халқаро аэропортида янги "Анжир" бизнес зали ўз ишини бошлади
2025 йил 24 февраль куни Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш залида "Анжир” бизнес залининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда "Uzbekistan Airports" АЖ ва оператор компания вакиллари, шунингдек, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.
"Анжир" бизнес зали Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш терминали "steril" ҳудудининг иккинчи қаватида жойлашган бўлиб, 427 квадрат метр майдонни эгаллайди. Икки қаватда бир вақтнинг ўзида 116 йўловчини қабул қилиш имконияти мавжуд. Зал кеча-кундуз давомида ишлайди ва меҳмонларга ўз парвозини кутаётганда қулай вақт ўтказиш имкониятини беради. Бу ерда бепул Wi-Fi, алоҳида ҳожатхона ва душ хоналари мавжуд. Шунингдек, болалар билан саёҳат қилаётган йўловчилар учун чақалоқларни йўргаклаш столлари ва кичкинтойларни қулай овқатлантириш учун болалар ўриндиқлари ҳам мавжуд.
Анжир бизнес залини Ҳайдар Алиев номидаги Боку халқаро аэропорти ва Ганжа халқаро аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича 10 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Озарбайжоннинг “VIP Services Group” компанияси бошқаради. "Uzbekistan Airports" АЖ ва "VIP Services Group" ўртасида электрон очиқ савдолар якунлари бўйича тегишли шартнома имзоланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг