Тошкент давлат юридик университети стратегик ривожлантириш дастури тасдиқланди
Тошкент давлат юридик университети Кузатув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Кенгаш раиси, адлия вазири Русланбек Давлетов олиб борди. Унда Кенгаш аъзолари, унверситет раҳбарияти ва талабалар иштирок этди.
Адлия вазири томонидан ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида олий таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш, хусусан университет фаолиятида давлат маъмурий бошқарувини кескин камайтириш, илмий-тадқиқот фаолиятига маблағларни жалб этиш имкониятини кенгайтириш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш долзарблиги таъкидланди.
Шунингдек, вазир ўтган 10 йил мобайнида университетнинг талабалар контингенти тахминан 3 баравар ўсганлиги, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб университет талабаларига маълум семестр мобайнида республика ёки хорижий давлатдаги бошқа бир олий таълим ташкилотига ўқиш мақсадида бориш имкониятларини тақдим этувчи Европанинг ЭCТС (Эуропеан Cредит Трансфер анд Аccумулатион Сйстем) тизими жорий этилганлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда университет фаолиятига оид муҳим масалалар, хусусан, ТДЮУни стратегик ривожлантириш дастури ва уни амалга ошириш бўйича 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган йўл харитаси тасдиқланди.
Унда:
— университетни халқаро стандартлар асосида академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллигини таъминлаш;
— «Университет — 4.0» (таълим – илм-фан – тижоратлаштириш – ижтимоий лойиҳалар ташаббускори) концепциясига босқичма-босқич ўтиш;
— юридик таълим ва илм-фаннинг жозибадорлигини ошириш, ўқитиш ва бошқарув жараёнини тўлиқ рақамлаштириш
— миллий ҳуқуқий қадриятларни дунё илмий ҳамжамиятига танитишга эришиш механизмлари назарда тутилган.
Шунингдек, Кенгаш қарори билан профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг иш ҳақлари ва рағбатлантириш тизимини натижадорликка асосан белгилаш бўйича низомлар тасдиқланди. Энди ходимлар ва профессор-ўқитувчилар иш ҳақига устамалар фаолияти самарадорлигини баҳолаш (КПИ) натижаларига қараб белгиланиши, бу тизим тўлиқ рақамлаштирилган ва шаффоф тарзда амалга оширилиши белгиланди.
Йиғилишда университетнинг молиявий натижалари ва бизнес режаларига оид масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг