Тошкент давлат аграр университетида сенаторлар иштирокида ёшлар билан мулоқот бўлиб ўтди
Тошкент давлат аграр университетида Олий Мажлис Сенати аъзолари Шавкат Аюпов ва Содиқжон Турдиев иштирокида талабалар ва фаол ёшлар билан мулоқот ташкил этилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаш, улар билан тўғридан-тўғри фикр алмашиш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини уларга батафсил тушунтириш бўлди.
Мулоқотда таълим сифатини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш учун яратилаётган имкониятлар, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, стартап ва тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, сенаторлар қонунчиликда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ва амалдаги дастурлар юзасидан маълумот берди.
Суҳбат жараёнида «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилиб, аграр соҳада инновацион ёндашувларни кенгайтириш, рақамли ечимларни жорий этиш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш орқали малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Тадбир интерактив шаклда ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, амалий таклифлар ва ташаббуслар билан фаол қатнашди. Кўтарилган масалалар юзасидан изоҳ ва тушунтиришлар берилди, айрим таклифлар бўйича амалий ишлашга келишиб олинди.
Учрашув якунида сенаторлар ёшларни фаол фуқаролик позициясини намоён этишга, ташаббускор бўлишга ва ўз салоҳиятини мамлакат ривожига сафарбар этишга чақирдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг