Тошкент давлат аграр университетида «Inno Vet Clinic» инновацион ветеринария клиникаси очилди

00:07 12 Март 2026 Илм-фан
471 0

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Ушбу клиника Тошкент давлат аграр университети Зооинженерия факультетида ветеринария хизматларини замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Клиниканинг очилиш маросимида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ж. Абдузухуров, Тошкент давлат аграр университети ректори Н. Обломурадов, соҳа мутахассислари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, янги, замонавий қиёфадаги клиниканинг ишга туширилиши ветеринария соҳасида илмий асосланган амалий хизматларни ривожлантириш, чорвачилик тармоғида сифат ва самарадорликни оширишга қаратилган.

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган видеоселекторда белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июлдаги “2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Мазкур клиникада 20 га яқин замонавий ветеринария хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш ва даволаш, ультратовуш текшируви, рентген ва лаборатория диагностикаси, жарроҳлик амалиётлари, стационар хизмат, ҳайвонларга гигиеник парвариш (grooming), вақтинча сақлаш (pet house) каби хизматлар киради. Шунингдек, чорвачилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликлари ҳамда аҳолига стационар ва мобил ветеринария хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Клиника фаолияти нафақат ветеринария хизматларини кенгайтириш, балки ветеринария йўналишида таҳсил олаётган 300 га яқин талабаларнинг таълим жараёнини амалиёт билан уйғунлаштиришга ҳам хизмат қилади.

Фото: ТДАУ ахборот хизмати

Тадбир доирасида университетда чорвачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик йўналишларида йўлга қўйилган 18 турдаги амалий хизмат ва илмий тадқиқот ишлари, шунингдек гўшт ва сут маҳсулотларини ўрганишга ихтисослашган лаборатория фаолияти билан танишилиб, тут ипак қурти етиштириш ва уни илмий ўрганишга ихтисослашган лабораторияда ипакдан тўқилган миллий матолар кўргазмаси намойиш этилди.

«Inno Vet Clinic»нинг ишга туширилиши Тошкент давлат аграр университетида илмий тадқиқотлар ва амалий хизматларни ривожлантириш, ветеринария хизматлари сифатини ошириш ҳамда аграр соҳада инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер