Тўрақўрғонда «Аёллар дафтари»га киритилган 3 минг 669 нафар хотин-қиз ижтимоий кўмакка муҳтожлар рўйхатидан чиқди

12:34 20 Январь 2023 Жамият
637 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги Фармонига кўра, аёлларни оила ва жамиятда ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилалар сафини кенгайтириш чора-тадбирларини жадаллаштириш мақсадида маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими ташкил этилгани айни соҳада янги ўзгаришларга туртки бермоқда. Масалан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида айнан ушбу вазифада ишлаётган мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан «Аёллар дафтари»га олинган олти тоифадаги 3 минг 977 нафар хотин-қиздан 3 минг 969 нафари кўрсатилган амалий ёрдамлар туфайли ижтимоий кўмакка муҳтожлар рўйхатидан чиқди.

— Ҳудудимизда 2,5 мингдан ортиқ хотин-қиз истиқомат қилади, — дейди «Чусткўприк» МФЙ хотин-қизлар фаоли Оқила Ниёзова. — Ўтган йил бошида уларнинг 85 нафари «Аёллар дафтари»га киритилиб, ижтимоий ва моддий аҳволини яхшилаш ишлари бошлаб юборилган эди. Бунда биринчи навбатда бутунлай ишсиз бўлган 12 нафар опа-синглимизни даромад келтирувчи меҳнат билан банд қилишга киришдик. Уларнинг иккитасига субсидия ҳисобига тикувчилик машинаси ва кичик иссиқхона харид қилиб берилди. Бошқалари яқин-атрофдаги тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирилди. Уй-рўзғор юмушлари билан чекланиб келган 67 нафар аёл имтиёзли кредит ҳисобига оилавий бизнесларини йўлга қўйиб олишди. Шундай қилиб, йил охирига бориб «Аёллар дафтари» рўйхатини тўла ёпишга муваффақ бўлдик.

Айни пайтда туманда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли равишда ҳал этиш бўйича «Аёллар дафтари»нинг тўртинчи босқичини шакллантириш мақсадида хатлов ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда мавжуд 67 та маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ишини янада кучайтиришнинг янги имкониятлари ҳаракатга келтирилмоқда. Хусусан, уларнинг барчаси «Маҳаллада ижтимоий хизмат» автоматлаштирилган махсус электрон модули ўрнатилган замонавий планшет билан таъминландилар. Бу соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали ислоҳотлар кўлами ва сифатини яхшилашни таъминлайди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер